Депутат томорқа ер эгалари билан учрашди

Айни кунларда жойларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда учрашувлар ўтказмоқда. Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви энг чекка туманлардан бири Қўнғирот туманида ташкил этилди. Халқ вакили дастлаб тумандаги Қангли овул фуқаролар йиғинида кўп йиллардан буён фермерлик билан шуғулланиб келаётган «Адил-К» фермер хўжалигида бўлди.
Депутат сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби фермерликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, фермернинг ишлари билан қизиқди. Фермерга тегишли ернинг умумий майдони 61 гектар бўлса, шундан 52 гектарига пахта экилган. Хўжалик асосан пахтачиликка ихтисослаштирилган. Халқ вакили фермернинг таклиф ва муаммолари, келгуси режалари билан ўртоқлашди. Депутат ушбу маҳалла етакчилари билан ҳам мулоқот қилиб, уларнинг фаолиятини ўрганди.
Донишманд халқимиз томорқа – етти хазинанинг бири эканини англагани учун унинг ҳар қарич еридан унумли фойдалана билган. Қангли овул фуқаролар йиғинининг географик жойлашуви, тупроқ унумдорлиги, қолаверса, ҳудуд аҳолисининг ернинг тилини тушуниб, турли экинлардан мўл ҳосил олишнинг усулини билиши йилнинг тўрт фаслида ҳам деҳқончилик қилишга имкон беради. Азалдан боғбонлар юрти бўлган бу қишлоқ аҳолиси томорқаларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Халқ вакили учрашув давомида ушбу маҳаллада яшовчи Д.Садиков ва С.Қалбоевалар хонадонида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. Томорқа эгалари деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик билан кўп йиллардан бери шуғулланиб келаётган экан. Томорқа – даромад манбаи эканини хонадон эгалари ўз фарзандлари, келинлари ва набираларига ота касби қилиб ўргатиб келаётганини таъкидлади.
Халқ вакилининг учрашувлари жойларда давом этиб, депутат Қонликўл туманидаги йирик тадбиркорлик субъектида ҳам бўлди. Депутат мазкур тумандаги «LAN-G» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу корхона 2020 йилдан буён маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаган. Унда қизилмия илдизи шарбати олиниб, қуритилиб, Япония, Корея, Франция давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхона технологиялари Хитой давлатида ишлаб чиқарилган бўлиб, қизилмия илдизи тўрт босқичда қайта ишланиб, ярим тайёр маҳсулот ҳолида чиқарилмоқда. Корхонада ишчилар учун барча қулай шароитлар яратилган, иш ҳақлари ўз вақтида тўланиб, бўш вақтларида спорт билан шуғулланиши учун спорт майдончаси, бильярд зали мавжуд.
Депутат Г.Халмуратова корхонада олиб борилаётган ишларни, ишчиларнинг қизилмия илдизини кесиш, тозалаш жараёнларини кўздан кечириб, улар билан ҳам суҳбатлашди, фикрларини тинглади. Мулоқот давомида депутат туманнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланишида йирик корхоналарнинг ишга туширилиши аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами муносабати билан депутат Гулжан Халмуратова жойларда ушбу соҳа вакиллари билан ҳам учрашиб, Ташаккурнома ва байрам совғаларини топширди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги