Беморнинг юраги тўхтатиб қўйилиб, операция қилинди

261

Қорақалпоғистонда илк бор сунъий қон айланиш аппарати ёрдамида юракка юқори технологик операциялар ўтказилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида сунъий қон айланиш аппарати (AIQ) ёрдамида мураккаб кардиохирургик операция муваффақиятли амалга оширилди. Бу ўтказилган юқори технологик операция тиббиёт ривожида муҳим воқеа бўлди.

Орттирилган юрак етишмовчилиги, бўлмачалараро тўсиқ нуқсони ташхиси қўйилган беморларга операциялар ўтказилди. РШТЁИМ кардиохирурглари ва маҳаллий кардиохирург шифокорлар томонидан бўлмачалараро тўсиқ пластикаси амалга оширилди – бу операция юрак фаолиятини вақтинча тўхтатиб, қон айланиш функцияларини сунъий қон айланиш аппаратига тўлиқ ўтказишни талаб этади.

Ушбу технология туфайли жарроҳлик бригадаси юқори аниқликда юрак деворининг анатомик бутунлигини тиклаш, ўпка гипертензияси ёки юрак етишмовчилиги каби кейинги асоратларнинг олдини олиш имконига эга бўлди.

– Бундай операцияларнинг самарали амалга оширилишига ходимларни комплекс тайёрлаш, илғор методикаларни жорий этиш ва операцион блокни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш орқали эришилди. Бу Қорақалпоғистон аҳолисига юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда янги имкониятларни беради, – дейди филиал директори С.Бегалиев.

Операция муваффақиятли якунланди. Беморлар реанимация ва интенсив терапия бўлимида мутахассислар назоратида. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги