Хавфли касалликдан узоқ бўлайлик

ОИТС-орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ОИВ-инфекциясининг энг сўнгги терминал, яъни ўлим олди даври ҳисобланади. ОИВ/ОИТС вируслари асосан инсон организмидаги иммун тўқималарни, иммун тизимини зарарлагани сабабли, инсон организмида иммунитет танқислиги пайдо бўлади.
Инсон организмида иммунитет етишмовчилиги туфайли, иккиламчи инфекциялар ва касалликлар ривожланиб, бу инсоннинг ҳаётдан эрта кўз юмишига олиб келади.
ОИВ/ОИТСнинг пандемия тарзида дунё мамлакатларида кенг тарқалишига, инфекция асослари (касалланган одам, ОИВ инфекциясининг симптомли ва симптомсиз шакллари («вирус ташувчилар») бўлиши, уларнинг ўзларидаги вирусларни бошқа одамларга юқтиришни давом эттириши, «вирус ташувчи» одамлар ўзларида вируслар борлигидан бехабар ҳолда вирусларни тарқатиб бориши, ОИВ/ОИТС вирусларининг ўзига хос хусусияти, алоҳида тузилиши, генетик (антигенлик) хусусиятларини тез-тез ўзгартириб бориши, инфекциянинг олдини олувчи вакциналарнинг самара бермаётгани ва касалликка қарши, вирусларни бутунлай нобуд қилувчи дори-дармонларнинг ҳозирча йўқлиги, ушбу инфекциянинг хулқ-атвори бузилган шахсларда, хавфли гуруҳ (гиёҳвандлар, мигрантлар, енгил табиатли аёллар, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар билан касалланганлар ва ҳ.к.) контингентларида кўпроқ учраши, уларнинг бошқаларга тез юқиш эҳтимоли сабаб бўлмоқда.
Шуни ҳам айтишимиз зарурки, тери ва шиллиқ пардалар бутунлигининг бузилиши билан ўтказиладиган турли муолажалар, эмлашлар (соч-соқол олдириш, тиш олдириш, қулоқ текширтириш, қон қуйиш, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш, татировка, маникюр қилиш ва ҳ.к.) бу касалликнинг одамдан-одамга ўтишига сабаб бўлмоқда.
ОИВ/ОИТС вируслари асосан одамнинг қон суюқлигида, сперма, қин суюқлиги ва она сутида кўплаб учрайди, бу суюқликлар ўта хавфли ҳисобланади.
ОИВ/ОИТС вируслари одамлар ўпишганда, қўл бериб саломлашганда, йўталганда, аксирганда, овқатланганда, маданий жойларда дам олганда, сувда бирга чўмилиб, душ, ванна қабул қилганда, атмосфера ҳавоси, хўжалик буюмлари, ўйинчоқлар орқали, ҳашаротлар чақиб олганда ва ҳайвонлар тишлаб олганда юқмайди.
Айрим одамларда вирусларни юқтиргандан сўнг 8-10 ҳафта ўтгач касалликнинг биринчи ўткир клиник кўринишлари даври бошланиши мумкин.
Бу даврда грипп касаллигига ўхшаш белгилар ҳолсизлик, иштаҳа йўқлиги, кўп терлаш, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, лимфа безларининг яллиғланиши юзага келади. Шу билан бирга, бемор гепатит, сил, нафас йўллари ва ошқозон-ичак йўллари касалликларига моил бўлиб қолади.Бу даврда терига доғ ва бўртмалар чиқиши, узоқ давом этувчи ич кетиши бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилган клиник белгиларнинг қайси касаллик туфайли пайдо бўлишини фақат шифокор аниқлай олади.
Агар, кимда-ким ўзларида шундай касаллик белгиларини сезса ёки гумон қилса Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ва унинг Беруний, Амударё, Хўжайли, Хўжайли, Қўнғирот, Чимбой ва Тўрткўл туманларида жойлашган туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларида аноним тарзда текширилиш ҳамда тестдан олдинги ва тестдан кейинги маслаҳатлар олиш ҳуқуқига эга.
ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш ҳар бир инсоннинг соғлиғи узоқ вақт яхши сақланишига ёрдам беради.
Шунингдек, ОИТСга қарши кураш марказида сиз ОИВ инфекциясига лаборатория усуллари билан текширилиб, юқори малакали мутахассислардан ОИВ/ОИТС масалалари бўйича зарур маслаҳатлар оласиз. Марказимизда сизлар аноним (ҳужжатлар талаб қилинмасдан) тарзда, бепул текширувлардан ўтиш имкониятига эгасиз.
Марказда шифокор сири сақланишига кафолат берилади.
Г. Хабипова,
Республика ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги