Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимига ишонч халқаро даражада эътироф этилди

Бугун Тошкентда “STADA Health Report 2025” халқаро сўрови натижаларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий мутахассислар ва экспертлар қаторида Қозоғистон давлатидан ушбу соҳа вакиллари онлайн иштирок этди.

Тадбирда сўз олган экспертларнинг қайд этишича, “STADA Health Report 2025” сўровининг аҳамияти шундаки, у аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончи, соғлом турмуш тарзига муносабати ва профилактикага эътибор даражасини аниқлаб, мамлакатдаги тиббий хизматларнинг самарадорлиги юзасидан холис тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Ушбу маълумотлар давлат сиёсатида соғлиқни сақлашни янада такомиллаштириш, аҳоли эҳтиёжларига мос профилактик дастурлар ишлаб чиқиш ва тиббий хизматлардан қониқиш даражасини оширишга хизмат қилади. Шу боис, бу каби халқаро тадқиқотлар жамиятдаги саломатлик маданиятини шакллантириш ва соҳа тараққиётини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш керакки, “STADA Health Report 2025” тадқиқоти турли мамлакатларда яшовчи одамларнинг саломатликка бўлган муносабати, фармацевтика ва тиббий саводхонлик даражаси ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги замонавий тенденцияларни чуқурроқ тушунишга ёрдам берадиган кенг кўламли фикрларни ўз ичига олади. Шу сабабли, у ўз соҳасидаги энг йирик халқаро тадқиқот ҳисобланади.

Мазкур сўров натижаларига кўра, ўзбекистонлик респондентларнинг 67 фоизи мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш билдирган. Бу кўрсаткич 22 та давлат иштирок этган тадқиқотда энг юқори натижалардан бири сифатида қайд этилди.
“STADA” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори ва “Ўзбекистон ва Қирғизистон” кластерлари раҳбари Бахтиёр Ҳожимуҳамедов таъкидлаганидек, бу йилги тадқиқот Ғарбий, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги мамлакатларда ўтказилган. Респондентларга жисмоний ва руҳий саломатлик, профилактика, давлат соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш даражаси, шифокорлар ва фармацевтларга бўлган ишонч каби масалаларга оид 30 дан ортиқ саволлар берилган.

– Ўзбекистон аҳолиси ушбу сўровда учинчи марта иштирок этмоқда. Жорий йилги натижалар ўтган йилги кўрсаткичлардан бир қанча муҳим фарқларни кўрсатмоқда ва бунга эътибор қаратиш лозим. Тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш даражаси 60 фоиздан ошган. Бу эса иштирокчи мамлакатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Бу фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизимига ишончи сақланаётгани ва тармоқдаги ислоҳотлар самара бермоқда, деган хулосани беради. Айрим муаммолар мавжуд бўлишига қарамай, мамлакатда тиббий ёрдам сифатига бўлган ишонч барқарорлигича қолмоқда. Биз STADA глобал жамоасининг бир қисми сифатида аҳоли саломатлигини қўллаб-қувватлашни ўзимизга асосий вазифа, деб биламиз. Тадқиқот асосидаги маълумотлар орқали биз фаолият юритаётган давлатларда одамларнинг соғлом ҳаёт кечиришига нима тўсқинлик қилаётганини батафсил тушунишга ва бу тўсиқларни бартараф этишга интиламиз, – деди Б.Ҳожимуҳамедов.
Тадқиқот натижалари “STADA” фармацевтика компанияси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган “STADA Health Report” доирасида тайёрланди. Унга кўра, респондентларнинг 66 фоизи соғлом турмуш тарзига амал қилишга интилади ва худди шунча инсон соғлиғига ғамхўрлик қилишини билдирган. Шунингдек, 91 фоиз респондент соғлом овқатланишни касалликларнинг олдини олишда муҳим омил, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, профилактик текширувларда иштирок даражаси паст бўлиб қолмоқда. Фақат 31 фоиз респондент мунтазам кўрикдан ўтаётганини билдирган бўлса, 39 фоизи умуман бормаслигини айтган. Бунга асосий сабаблар сифатида вақт етишмаслиги, моддий имконият чекланганлиги ва шифохонада инфекция юқтиришдан қўрқиш каби омиллар қайд этилган.
Хулоса қилиб айтганда, “STADA Health Report 2025” натижалари соғлиқни сақлаш масалалари фуқаролар ҳаётида муҳим ўрин тутаётганини кўрсатди. Шу билан бирга, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш, ишончни янада мустаҳкамлаш ва профилактик хизматларга кенгроқ аҳамият қаратиш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Тақдимот якунида экспертлар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА