Соғлом тиш – инсон саломатлигининг асоси
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан Республика болалар стоматология поликлиникасига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.
Республика болалар стоматология поликлиникаси Нукус шаҳри ва барча туманлардан даволаниш учун келган болаларга стоматологик ёрдам кўрсатади. Поликлиника бир кунда 250 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, унда даволаш бўлими, жарроҳлик ва бошқа хоналар мавжуд. Поликлиника Тошкент МПИ Нукус филиалининг стоматология иши факультетининг ўқув базасида талабаларга амалий ва назарий дарслар ҳам ўтилади.
Таъкидланганидек, тишнинг касал бўлишидан асраш болалигидан бошланиши керак. Республика болалар стоматология поликлиникасига келган беморларнинг 50 фоизи тиш қаттиқ тўқималари касаллиги билан, 21 фоизи тишини олдириш учун, 15 фоизи оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати касаллиги билан, 6 фоизи юз-жағ тиш қаторлари аномалияси, 21 фоизи бошқа касалликлар билан келади.
Хўжалик ҳисобидаги бўлимни ташкил этишдаги мақсад – болаларга кўрсатилаётган стоматологик хизматни қўшимча харажат топиш билан такомиллаштириш ва поликлиникани замонга мос реконструкция қилиш, замонавий асбоб-ускуналар, стоматологик сарф материаллари сотиб олиш, ходимларнинг иш ҳақини қўшимча бюджетдан ташқари топилган харажатлар ҳисобидан кўпайтиришдир.
Айни пайтда поликлиникада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ишлар олиб борилмоқда.



Пресс-тур давомида иштирокчилар бўлимлардаги болаларни даволаш учун яратилаётган шароитлар билан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги