Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда

452

Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси иккинчи иш куни бошланди.

Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Ялпи мажлис биринчи иш кунида аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш юзасидан Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари олдида турган биринчи даражали вазифалар муҳокама қилинди.

Парламентда сиёсий хилма-хилликни таъминлаш, очиқлик ва мунозара муҳитини ривожлантириш мақсадида мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун маъқулланди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кафолат маблағларини жорий этиш, иқтисодий, аграр, экологик ва инвестиция соҳаларига оид айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилди.

Мажлиснинг иккинчи иш кунида халқаро ҳамкорликка оид масалалар доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш, шунингдек, Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонунлар муҳокама этилади.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.

Ялпи мажлисда инвестиция муҳитини яхшилаш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ҳамда вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг! 

                                      Норгул Абдураимова,

ЎзА