Ўзбекистон – Мўғулистон: кўп қиррали ҳамкорлик йўлида кенг имкониятлар очилди

257

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан 24-25 июнь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Тарихдаги биринчи бўлган ушбу ташриф Ўзбекистон –Мўғулистон муносабатларида янги босқични бошлаб берди ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожи учун кенг имкониятлар очди.

Давлатимиз раҳбари ташрифнинг биринчи куни Улан-Батор шаҳрида Президент Ухнаагийн Хурэлсух билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва саноат соҳаларида кооперацияни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, Президентлар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

– ўсимликлар карантини ва ҳимояси, олий таълим, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;

– икки мамлакат архив идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Мўғулистон Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги ўртасида, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида 2025-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари;

– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик режаси;

– Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида экотуризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси.

Ушбу муҳим ҳужжатлар ўзаро алоқаларнинг янги босқичида икки юрт учун истиқболли ва муҳим аҳамиятга эга ўзаро манфаатли муносабатлар бошланганини тасдиқлайди.

Таъкидлаш жоиз, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик манфаатларга чуқур ҳурмат ва тарихий-маданий яқинликка асосланган. Умуман, кенг қамровли шериклик абадий дўстлик риштасини мустаҳкамлаб, ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очиши шубҳасиз.

Президентлар рафиқалари билан икки мамлакат санъат усталарининг қўшма концертида иштирок этдилар.

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух рафиқалари билан бирга «Их Тэнгэр» давлат мажмуаси боғида дарахт экдилар.

Маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Мўғулистон кенг қамровли шериклик муносабатларининг ривожланишида янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.

Ташриф давомида олий мартабали меҳмонлар “Наадам” анъанавий мўғул беллашувларини томоша қилдилар.

Мўғулистонга илк ташриф икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари ривожида тарихий воқеа бўлди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи якунланди.

ЎзА