Қорақалпоғистонда янги ҳаёт нафаси

306

Инсон қадри учун

Оғири енгил, мушкули осон бўлган инсонлар қалбида миннатдорлик туйғуси илдиз отди

Одамларни нима бирлаштиради? Ғоя, мақсад, манфаат, ўтмиш, қадриятлар ва ҳоказо. Буларнинг барчаси бор гап. Лекин мен бошқа мисол келтирмоқчиман. Айтайлик, олдин нотаниш бўлган икки киши бирга тер тўкиб меҳнат қилиб, бири биринчи ғиштни, иккинчиси иккинчи ғиштни қўйиб иморат қурса ёки бири кўчат экиб, иккинчиси тагига сув қуйиб боғ яратса; бири чарчаганда иккинчиси қўл узатса, бири чанқаганда иккинчиси сув тутса; деворлар баландлаган, боғлар мевага кирган сайин меҳнатининг маҳсулидан икковлон бирга қувонса, завқланса, бир-бирини бағрига босиб қутласа, уларни нима бирлаштирган бўлади?

Ҳа, одамларни меҳнат, яратувчанлик ҳам бирлаштиради. Бунинг ҳаётдаги исботини кўрмоқчи бўлсангиз, Қорақалпоғистонга келинг. Чунки ҳозир Қорақалпоқ диёри бунёдкорлик майдонига айланган. У ерда тошкентлик, фарғоналик, самарқандлик ёки қашқадарёлик юртдошларимиз мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари, кутубхоналар уй-жойлар бунёд этмоқда. Маҳаллий аҳоли билан бирлашиб, кўча ва маҳаллаларни обод қиляпти. Одамларнинг кўнглига нур ва эртасига ишонч олиб кирмоқда.

Уч йил олдин

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида бир эзгу ташаббусни илгари сурган эди. Катта режалар, мақсадлар, улкан молиявий манбалар билан бирга, Ўзбекистондаги 13 та ҳудуд ҳокимлари ва тадбиркорларини бошлаб келиб, Оролбўйи ҳудудини биргаликда ривожлантириш мақсадида ҳар битта вилоятга Қорақалпоғистоннинг биттадан туманини бириктирганди. Ўшанда Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ўзига бириктирилган ҳудудларда қиладиган ишлари бўйича тақдимотлар ўтказганди. Давлатимиз раҳбари бунинг сабаби ва аҳамиятини тушунтирар экан:

— Оролбўйида аҳвол ёмон деб кўпчилик гапиради. Лекин ҳамма ҳам бу ерга келиб кўрмаган. Оролнинг ҳавосидан нафас олиши, шароитни кўриб, адолатли баҳо бериши учун бу ерга бутун республикадан раҳбарларни юбордим. Қорақалпоғистон ривожига катта маблағ йўналтирамиз, — дея таъкидлаганди.

Қорақалпоғистонда кўпчилик бутун давлатнинг эътибори, салоҳияти, маблағи уларга қаратилаётганидан хурсанд бўлса-да, бу ишдан қандай натижа кутилаётганини тушуниб етмаганлар ҳам бор эди. Ҳа, инсон руҳияти шундай. Айниқса, ислоҳотлар борасида одамлар ўзгаришларни ўз ҳаётида кўриб, ҳис қилмагунича ишонмайди.

Бириктирилган ҳудудлар ёппасига ва шиддат билан Президентимиз топшириғини бажаришга киришиб кетди. Вилоят ҳокимлари, мутасаддилар, тадбиркорлар, ҳатто қурувчилар ўзига бириктирилган туманларга кўчиб келди, десак муболаға бўлмайди. Сал ўтмай, Қорақалпоғистондаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда вилоятлар томонидан фабрика, мактаб, боғча, кутубхона ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиб фойдаланишга топширилаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Ҳатто тўйлар, тадбирларда “барака топишсин” деган миннатдорликлар айтиладиган бўлди. Камбағал, ижтимоий ёрдамга муҳтож, уй-жойи яроқсиз аҳволга келиб қолган оилаларга уйлар қуриб, томи ёпиб берилаётгани эса умидсиз кўнгилларда ишонч уйғотди. Шаҳарлар, маҳаллалар, овуллар, қишлоқлардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, ободлик одамлар қалбига кўчди.

  Меҳр улашган қарор

Бизнингча, давлатимиз ва ҳукуматимиз тарихида илгари бундай қарор қабул қилинмаган. Бу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини назарда тутяпман. Мазкур қарор Президентимизнинг 2022 йил 1 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, Қорақалпоғистонда ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида чиқарилган.

Қарорда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига бириктирилгани ўз ифодасини топган.

Шунингдек, қарор асосида ҳудуддаги турмуш шароити оғир 21 мингдан ортиқ хонадоннинг томини шифер билан ёпиш ва яшаш учун яроқсиз, оғир ҳолатдаги 709 хонадонни қайтадан қуриш ҳамда 2000 километр тупроқ йўлга қум-шағал ётқизиш белгиланган.

Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларидаги хонадонларни таъмирлашга давлат бюджети ҳисобидан 112,3 миллиард сўм, қолган шаҳар ва туманлардаги хонадонларни таъмирлашга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг маҳаллий бюджети ҳисобидан 231,6 миллиард сўм, 4 та туманда 2000 километр ички йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари учун Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди ҳисобидан 20 миллиард сўм ажратилган.

Бунёдкорлик ва дўстлик майдони

Бугун Кегейли туманига борсангиз андижонликлар қурган фабрика, Нукус туманида самарқандликлар қурган масжид ёки кутубхона, Мўйноқда Тошкент вилояти меҳнаткашлари томонидан барпо этилган “Дўстлик боғи”, мактаб, спорт майдони, дея кўрсатади одамлар.

Дарҳақиқат, самарқандликлар томонидан Нукус туманидаги 6,5 гектар майдонда қурилган “Хотира майдони”, “Имом Эшон” масжиди, 90 ўринли Ургут меҳмонхонаси, йирик савдо мажмуасини ўз ичига олган “Деҳқон бозори”, маҳалла гузари ва қатор янги бинолар фойдаланишга топширилди.

Гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида туман марказида “Самарқанд ош” маркази очилди. Вилоят маҳаллий бюджети маблағи ҳисобидан Нукус тумани марказий шифохонасига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 3 та “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам кўрсатиш машинаси ва тиббий анжомлар олиб берилди.

Айниқса, Оқманғит шаҳарчасида маҳалла гузарининг фойдаланишга топширилиши аҳоли учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Икки қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида шаҳарча фуқаролар йиғини, иккинчи қаватда салкам 73 минг китоб фондига эга туман ахборот-кутубхона маркази жойлашгани аҳолига, айниқса, китобхон ёшларга қулайлик яратди.

Мўйноқ туманидаги бугунги ўзгариш ва янгиланишларда эса Тошкент вилоятининг ҳиссаси катта. Жумладан, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ва Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний зиёрат мажмуасида кутубхоналар ташкил этилгани, туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлими учун замонавий бино қурилгани, “Учсой” овул фуқаролар йиғинидаги “Тўқмоқота” аҳоли пунктидаги 4-мактаб филиали ва 5-мактаб учун янги спортзал ҳамда ошхона биноси барпо этилгани, Қизилжар овулида контейнер ўрнатилиб, гўзаллик салони ва тикув цехи очилгани, камбағал оилаларнинг хароба ҳолатдаги 142 та уйини янгидан қуриш ишлари давом этаётганини кўриш мумкин.

Кегейли тумани Андижон вилоятига бириктирилган. Андижонлик тадбиркор томонидан туманнинг Ақтуба овулида 2022 йил декабрида фойдаланишга топширилган, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бугун 130 киши иш билан таъминланган. Улардан 110 нафари хотин-қизлар. 80 хотин-қиз Андижон вилоятига бориб, касб-ҳунар сирларини ўрганиб келди. Корхонада кунига 1500 та тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. 2024 йилда маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича россиялик ҳамкорлар билан шартнома тузилгани ишчиларнинг ҳам манфаатдорлигини оширди.

Шуманай тумани Хоразм вилоятига бириктирилган. Қўшнилар томонидан ҳам ҳудудни ривожлантириш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган “йўл харитаси” асосида қатор лойиҳалар амалга оширила бошлади. Жумладан, 2022 йилда 1,6 миллиард сўм ҳисобига “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан 50 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Овулда мазкур мактабгача таълим ташкилоти иш бошлаши натижасида болаларнинг боғчага қамрови 45 фоиздан 90 фоизга етди.

Аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида хоразмликлар 349 та турар жойда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарди. Жумладан, 329 та уйнинг том қисми ёпилди, 20 таси янгидан қурилди.

Ақжап маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Баҳодир Алламберганов, Мунчоқли маҳалласида ёлғиз яшовчи Жалғас Элмуратов янги уй қуриб берилганидан миннатдор бўлса, Нағима Убайдуллаева (Мунчоқли маҳалласи), Қалбай Сеитов (Маданият маҳалласи) уйининг томи шифер ёпилиб, бир мушкули осон бўлганидан мамнун.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси” бўлган Бўзатов тумани Фарғона вилояти ҳокимлигига бириктирилган эди. Ўтган даврда бу туманда ҳам кўпгина лойиҳалар амалга оширилди. Қатор объектлар аҳолига хизмат қилмоқда. Айниқса, ер унумдорлигини ошириш, ёввойи тўқайлар атрофида янги ер ўзлаштириш, сув танқислиги муаммосини бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Сув Бўзатов учун ҳаёт-мамот масаласидир. Фарғона вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан сув олиб келинди. Бунинг учун ўн йиллар давомида фойдаланилмай ётган ариқлар тозаланди.

Фарғоналиклар ўндан ортиқ ижтимоий объектни фойдаланишга топширди. Масалан, “Қусханатов” ОФЙ ҳудудида Фарғона вилояти ҳокимлиги маблағи ҳисобидан 9-мактабгача таълим ташкилоти ва 5- мактабда капитал реконструкция ишлари бажарилди. Бугун овул болалари учун барча қулай шароит яратилган.

Президентимизнинг шу бир ташаббуси ортидан шаҳар ва туманларда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. Маҳаллалар, овуллар қиёфаси ўзгарди, янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини бошлади. Инвестициялар кириб келди, одамлар ишли бўлди, ҳаёти ўзгарди… Юқорида улардан баъзиларини мисол сифатида келтирдик, холос.

Мақолани одамларни нима бирлаштириши ҳақидаги савол билан бежиз бошламадик. Энг муҳими ва аҳамиятлиси, Оролбўйи нафақат бунёдкорлик, балки дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат масканига айланди. Дўст кўмаги билан оғири енгил, мушкули осон бўлган инсонлар қалбида миннатдорлик туйғуси илдиз отди. Биргаликда ўтказилаётган тўй-маъракалар, байрам тантаналари ўзбек ва қорақалпоқ халқларини янада жипслаштирди, қон-қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлади. Қорақалпоғистонликларнинг бошқа вилоятларга, вилоятликларнинг эса Қорақалпоғистонга борди-келдиси ташкил этилди. Бу тажриба алмашиш билан бир қаторда кўнгилларни яқинлаштирди, мақсадларни бирлаштирди. Хуллас, бир-бирига қон-қардош, қуда-анда бўлиб кетган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг борди-келдиси ҳам янада кенгайди.

Бугун эса ҳамжиҳатликда яратилган моддий неъматларга икки халқ ўртасидаги оғизбирчилик, дўстлик ва меҳр-оқибат каби маънавий неъматлар янада кўркамлик, янгича мазмун-моҳият бахш этиб турибди.

Давлатлининг қўноғи қўш келади

Аслида, мақолани шу жойда якунлаб тургандим. Лекин қорақалпоғистонликларнинг IV Тошкент халқаро инвестиция форумидан кейинги қувонч ва ҳаяжони, ижтимоий тармоқлар орқали баралла билдираётган мамнунияти, миннатдорлиги мавзуни янги ракурсда давом эттиришга ундади.

Дарҳақиқат, яқиндагина бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам ҳудудни ривожлантириш масаласига яна бир бор эътибор қаратилди. “Boston Consulting Group” компанияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Форум доирасида ўтказилган “Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланиш стратегияси: мавжуд ҳолат, ўсиш йўналишлари ва келажакдаги имкониятлар” мавзусидаги панел сессиясида ҳудуднинг иқтисодий, инвестициявий салоҳияти, устувор йўналишлар ва хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар хусусида тўлиқ маълумот берилди.

– Мазкур сессия айнан Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудга ҳорижий инвесторларни жалб қилишга қаратилди, – қорақалпоғистонлик ёш тадбиркор, “Биогумус” фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Ниязимбетов. – Биз қишлоқ хўжалиги вакилимиз. Бугунги кунда помидор етиштирамиз ва Италия, Франция, Германияга экспорт қиламиз. Маҳсулотимиз дунё бозорида рақобатбардош. Эришаётган ютуқларимизнинг барчаси ёш тадбиркорларга қаратилаётган эътибор маҳсулидир. Бизга ер ажратиш, имтиёзли кредит, солиқ имтиёзлари ва логистика масалаларида берилаётган имкониятлар фаолиятимизни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги хўжалигимизда 200 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Уларнинг аксарияти Нукус туманида яшовчи хотин-қизлардир. Ушбу тадбир хорижлик ҳамкорларимиз сафи янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Форум доирасида фармацевтика, туризм, саноат ва қайта ишлаш, қурилиш, таълим, агросаноат ва экология соҳаларида қатор йирик инвестиция лойиҳалари бўйича келишувларга эришилди.

Албатта, буларнинг барчаси Қорақалпоғистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва хорижий сармояларни жалб этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Бу орқали минтақада янги иш ўринлари яратилади, ишлаб чиқариш қувватлари кенгаяди ҳамда жаҳон бозорларида рақобатбардош маҳсулотлар етиштирилиши таъминланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гап шундаки, форум мазмун-моҳияти жиҳатидан Қорақалпоғистонда ҳам давом этди. Аниқроғи, Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ҳамда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши шароитида ақлли қишлоқ хўжалиги мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, Жаҳон банки вакиллари, халқаро ҳамкор ташкилотлар ва хорижлик экспертлар иштирок этди.

IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган сессияда инвесторлар Қорақалпоғистонга келиб, Оролбўйининг улкан салоҳияти билан танишиш ва кенг имкониятлар кўламини баҳолашга таклиф этилган эди. Ушбу форумнинг узвий давоми сифатида ташкил этилган тадбирда халқаро тажрибалар асосида Ўзбекистонда аграр ва озиқ-овқат соҳасида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, унга мос ақлли қишлоқ хўжалиги амалиётини қўллаш, Оролбўйи минтақасида қулай агро-экотизимни яратиш ҳамда бу борадаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида меҳмонлар Нукус шаҳридаги “Qoraqalpoq basaltwool” корхонаси, шунингдек, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлиб, республиканинг саноат, туризм йўналишларидаги имкониятлари билан танишди. Иштирокчилар учун Мўйноқ – Орол денгизининг қуриган ҳудуди ва Орол денгизи тарихи музейига тур ташкил этилди.

Қорақалпоқларда “Давлатлининг қўноғи қўш келади” деган мақол бор. Ўзбекистон, бутун вилоятлар мазкур ҳудуднинг ривожланиши учун жавлон ураётган бир пайтда салоҳиятли хорижлик инвесторлар ҳам шу маконга йўналмоқда. Албатта, форумда таъкидланганидек, Қорақалпоғистонга киритилаётган сармоя янги иш ўринлари очиш, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг келажагини янада яхшилашга хизмат қилади.

Тўғриси, одамлар ўтган йили Қорақалпоғистон учун чин маънода баракали ва тарихий воқеаларга бой давр бўлганини ҳали-ҳануз эътироф этади. Чунки йил давомида қатор йирик лойиҳалар, янги саноат корхоналари, туризм масканлари, энергетика қувватлари, ахборот технологиялари парки ишга туширилди. Амударё узра Қорақалпоғистонни Хоразм билан боғлайдиган узунлиги 423 метр бўлган янги автомобиль ва темир йўл кўприги фойдаланишга топширилди. Бу янгиланишлар халқимизда чексиз қувонч, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Бундан ташқари, Тахтакўпир туманидаги Қаратерен кўли бўйида янги этно-туристик мажмуа барпо этилди. Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида диаметри 42, баландлиги 22 метрни ташкил этадиган қорақалпоқ миллий ўтови тикланиб, Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди. Қўнғирот — Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр қисми фойдаланишга топширилди. Очиғи, Қорақалпоғистонда кейинги йилларда бўй кўрсатган бундай ўзгаришлар, одамларимиз ҳаётига янгича мазмун, фаровонлик, қалбларига қувонч ва шукроналик, эртанги кунга ишонч олиб кирган тарихий янгиланишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Асосийси, бу ерда бошланган янги тараққиёт одимлари, Оролнинг қуриган тубида кун сайин бўй чўзиб, саҳрони бўстонга айлантираётган яшил олам қорақалпоғистонликларнинг турмуш тутуми, тафаккурига кўчиб, ғайрат-шижоати, тадбиркорлик руҳига озиқ беряпти.

2025 йилнинг биринчи ярмидаёқ эришилаётган ундан кам бўлмаган натижалар эса каттаю кичикни, энг аввало, шукрона билан яшашга, шароитлар, имкониятлар, барча-барча неъматларнинг қадрига етишга ундамоқда.

Назира МАТЯҚУБОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист