«Monte» музқаймоқларнинг харидорлари кўпаймоқда

353

Ота-боболари чорвадорлар оиласида туғилган Генжабойнинг болалиги ҳам, ёшлиги ҳам чорвачилик орасида ўтди.

Университетнинг тарих факультетини тамомлаган у, ўз мутахассислиги бўйича Чимбой туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабида икки йил ўқитувчи бўлиб ишлади.

Сўнгра ота касбини қувиб йигит акаси Ўрозбой, Рўзимбой, Эсенбой, Каримбойларнинг йўлини тутиб, мол чорвачилиги билан шуғулланди. Мана шундан буён ҳам 30 йилга яқин вақт ўтди. Дастлаб Чимбой, кейинчалик Нукус туманидаги Эсенбай Айтмуратов раҳбарлигидаги «Қўнғиротбой-Меҳри» фермер хўжалигида ўз тажрибасини оширган Генжебай 2009 йилда «Ювента Нукус» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, улгуржи савдо, кийим-кечак ишлаб чиқариш билан шуғулланди.

Нукус шаҳридаги қаровсиз қолган собиқ кийим тикиш фабрикасини сотиб олиб, бинони капитал таъмирдан чиқарди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Генжебай каби тадбиркорлар учун жуда муҳим қонун ҳужжати бўлди.

-Ҳурматли Президентимизнинг 213-сонли фармони асосида, Нукус шаҳри ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши билан 2024 йили «Агробанк»дан 10 млрд сўмлик имтиёзли кредит олиб, Италия ва Польшадан сутни қайта ишловчи ва ундан 20 турдаги музқаймоқларни ишлаб чиқарадиган технологияларни сотиб олдик,-дейди Генжебай Айтмуратов.-Сўнгра уларни махсус мутахассисларнинг ёрдамида ўрнатиб, шу йилнинг май ойидан бошлаб, «Monte» бренди билан ишлаб чиқара бошладик. Айни пайтда ушбу корхонада 15 киши доимий иш билан таъминланиб, улар томонидан 5 турдаги музқаймоқлар ишлаб чиқарилмоқда.

– 2022 йилда Нукус давлат педагогика институтини тамомлаб, уйда ишсиз ўтиргандим, – дейди қадоқлаш цехи ходими Меҳрибон Халилаева. Даромадим ҳам ёмон эмас. Тушликда ошхонада овқат берилади. Ўзим тенги қизлар билан ишлаётганимдан хурсандман. Энг асосийси, бизлар ишлаб чиқараётган музқаймоқ маҳсулотининг республикамиз бўйлаб харидори кўпайиб бораётганидан жуда хурсандмиз.

– Бозор ва кўчаларда санитария ҳолати паст жойларда сотилаётган, сифатига ҳеч қандай кафолат берилмайдиган арзон музқаймоқларни болаларига сотиб олиб бераётган ота-оналарга жоним ачийди, – дейди ўз сўзини давом эттириб Генжебай.- Сабаби, сутдан тайёрланган маҳсулотлар иссиқ ҳавога чидамай, сифати бузилади ва инсон саломатлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Музқаймоқ сотувчилар эса, олдига оқ қутичани қўйиб, хоҳлаган кўча бўйида кун бўйи қиздирган қуёш остида сотиб ўтирганини кўриб, бу музқаймоқларнинг эримаслигига, сифатининг бузилмаслигига ҳайрон қоламиз…

Келгусида музқаймоқ турларини кўпайтириб, уларнинг таркибига қорақалпоқ халқининг миллийлигини намоён этувчи полиз маҳсулотларидан қўшиб, ўзимизнинг янги маҳсулотларимизни чиқаришни мақсад қилганмиз.

– 2025 йили Нукус шаҳрида 2 трлн 259 млрд сўм бўлган, 107 лойиҳани ишга тушириш ва шу орқали 2471 янги иш ўринларини яратиш режалаштирилганмиз,-дейди Нукус шаҳри ҳокимининг ўринбосари Адилбек Айбеков.-Шундан бугунги кунга қадар 773 млрд сўмлик 36 лойиҳа амалга оширилиб, 504 янги иш ўринлари яратилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларга кенг йўл очилиб, шаҳар ва қишлоқларимизда ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилмоқда.

«Монте» музқаймоқлари шундай эзгу ишларнинг яққол кўриниши десак бўлади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси