Аҳолига сифатли қурилиш маҳсулотлари етказиб берилмоқда

Мамлакатимизга инвестиция олиб келиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали жаҳон бозорига чиқиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бугун республикамизда яхши натижалар билан кўзга ташланмоқда.
«Қурилиш қурган эл янги» деганларидек, қурилиш ишлари ривожланган юртда, янгиланишлар кўзга ташланади. Қурилиш маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқарилса, бу ишлаб чиқарувчи тадбиркорга ҳам, аҳолига ҳам қулайликлар яратади.
Тахиатош туманидаги «Олтинкўл иморат универсал қурилиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 7,0 млрд (шундан банк кредити 4,4 млрд) сўм бўлган бетон заводини ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди. Киритилган хорижий инвестиция асосида заводнинг қурилиш ишлари жорий йил март ойида якунланиб, май ойида тўлиқ ишга тушди. Айни пайтда заводда темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, буюртма асосида қурилиш ташкилотларига етказиб берилмоқда.

– Корхонамизда асосан қурилиш соҳасига керакли темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 6 бетон қуювчи, пайвандчи, тракторчи ҳаммаси бўлиб, 20 га яқин киши иш билан таъминланган. Буюртма кўп бўлганлиги сабабли ишни узлуксиз олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Келгусида яна иш ўрнини кенгайтириш режамизда бор. Мақсадимиз харидорлар кўнглидагидек, қурилишга яроқли бетон, темир маҳсулотларини ишлаб чиқариш, – дейди завод бригадири Сапарбай Реджепов.
Ёзнинг жазирама иссиғида об-ҳавонинг иссиғига ҳам эътибор бермай қизғин иш олиб бораётган завод ишчилари маҳсулотни сифатли қилиб ўз вақтида харидорга етказиб бериш ҳаракатида меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш, қурилиш – мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик тармоқларидан бири. Республикамизнинг ишлаб чиқариш кенг ривожланган туманларидан бири бўлган Тахиатошдаги ушбу заводда тадбиркорларнинг юртимизда яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланаётганлигининг ҳақиқий ифодасини кўришимиз мумкин.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
ЎзА фотомухбири М.Ҳабибуллаевнинг олган суратлари