Замонавий клиника барпо этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш ҳамда тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил апрель ойида имзоланган 129-сонли Фармон минтақада кенг кўламли ислоҳотлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат асосида Республикамизнинг турли ҳудудларида қатор ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шундай ташаббуслардан бири сифатида, Беруний туманида соғлиқни сақлаш соҳасида сифатли хизматларни кенгайтириш мақсадида хусусий сектор вакили — “Атабек Глобал Фарм” МЧЖ томонидан янги замонавий клиника қурилиши бошланди. Лойиҳа қиймати 4,5 миллиард сўмни ташкил қилувчи ушбу маскан учун ер майдони тўғридан-тўғри ажратиб берилган бўлиб, бугунги кунда қурилиш ишларининг бир қисми якунланган.

Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Энг эътиборлиси, ушбу янги муассаса орқали янги иш ўринлари яратилади. Бу эса ҳудудда бандлик даражасининг ошишига, айниқса ёш мутахассислар учун янги имкониятлар очилишига хизмат қилади.
– Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз. Клиникамизда стационар ва амбулатор шароитларда даволаш ишлари олиб борилади, – дейди А.Аллаяров тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имкониятларга миннатдорчилик билдириб.
Президент фармони доирасида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар Республикамизнинг барқарор ривожланишида муҳим босқич бўлиб, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида қаралмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги