Экосертификатга эга бўлиш жаҳон бозорига йўл очади

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда «Экосертификатга эга бўлиш жаҳон бозорига йўл очади» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи кластерлар, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, институт профессор-ўқитувчилари, шунингдек, масъул мутахассислар иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мақсади – экосертификатга эга бўлишнинг аҳамияти ва органик маҳсулотларни етиштириш жараёнидаги амалиётларни тўғри йўлга қўйиш бўйича билим ва тажриба алмашишдан иборат.
Семинар давомида экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг афзалликлари, органик сертификатлаштириш тизимлари ва жаҳон бозорига чиқиш учун зарур бўлган сертификатлаштириш жараёнлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, жаҳон бозорида органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабнинг тобора ортиб бориши, фермерлар ва тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Экосертификат – маҳсулотларнинг экологик тозалиги ва сифатини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, у нафақат маҳаллий, балки халқаро бозорлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, экологик қишлоқ хўжалиги сертификацияси жаҳон бозорида маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Бунинг натижасида фермерлар нафақат ички бозорда, балки Европа, Осиё ва бошқа минтақаларда ҳам ўз маҳсулотларини муваффақиятли сотиш имкониятига эга бўлади.
Семинарда жаҳон бозорига чиқиш учун органик маҳсулотлар сифатини ошириш, маҳсулотларнинг экологик тозалигини қандай тасдиқлаш мумкинлиги, сертификатлаштиришда муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқиши учун талаб этиладиган юқори сифат стандартлари, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, органик маҳсулотларни экспорт қилишнинг афзалликлари ва жаҳон бозорларидаги талаблар бўйича кенг тушунчалар берилди.




Семинар давомида иштирокчиларга сертификат олиш учун зарур бўлган амалий тавсиялар ва қадамлар кўрсатилди. Ўз навбатида, GIZ ва Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бундай семинар-тренингларни келгусида ҳам давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу орқали органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни янада ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий фермерлар учун янги бозорларни очиш мақсад қилинган.
Тадбирда иштирокчилар сертификатлаштириш жараёнидаги долзарб масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги