Қурилиш ишлари қатъий назорат қилинмоқда

277

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмушини яхшилаш, жумладан, уй-жойлар билан таъминлаш, шаҳар ва туманлар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорларга асосан, бугунги кунда қатор қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Қатор объектларда шундай вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, техник назорат ишлари «Nukus city» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

– Жамиятимиз томонидан 2025 йилнинг 20 июнь ҳолатига кўра 20 та объектда техник назорат ишлари олиб борилмоқда, – дейди «Nukus city» МЧЖ раҳбари Қ.Хилалов.

Жумладан, Нукус шаҳрида 10466 хонадонли уй ва Болалар шифохонаси, Амударё туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида 320 хонадонли 8 та уй ва Хўжайли туманида «Ёшлар маркази»ни қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Хўжайли туманидаги «Ёшлар маркази» лойиҳаси бўйича. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 августдаги ПФ-129-сонли фармонининг 9-банди ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикасида Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказини ташкил этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2024 йил 19-20 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар бўйича 36-сонли баённомасининг 42б-бандидаги топшириққа асосан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси такомиллаштирилди.

Лойиҳа 16 та вазирлик ва идоралар билан келишилган.

Бугунги кунда ишлаб чиқилган мазкур қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритилмоқда.

Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг «CSADI» компанияси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, бугунги кунда марказнинг штаб қурилиш ишлари бошланди ва бетон олиш ишларига тайёр ҳолатга келтирилди. Штаб қурилиш ишларида 2 техника ва 5 ишчи иш олиб бормоқда.

Нукус шаҳридаги «Чимбой гузари» маҳалласи ҳудудида ҳам уй-жойлар қурилмоқда. Аукцион савдолари орқали ер майдонларига «EverPROSPER INVESTMENT CONSULTING» МЧЖ ғолиб деб топилди.

Ушбу уйларни қуриш ишларига Хитой Халқ Республикасининг «China MCC17 Group Co., Ltd» қурилиш корхонаси бириктирилади.

Замонавий ва ҳар томонлама халқаро стандартларга мос келадиган ушбу турар жойларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари Хитой Халқ Республикасининг «Central South artichectural institute (CSADI) co Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқилди ва ушбу лойиҳалар маҳаллий «Бахтибай Нукус» МЧЖ лойиҳаловчи корхонаси томонидан мослаштирилди. Ҳозирги вақтда экспертизага тақдим этиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда 5 та уй-жойнинг қурилиш ишлари бошланди. Хусусан, 2 та турар жойда подушка ишлари тўлиқ амалга оширилди ва 5 та турар жойда армокаркас тўқиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда 1 та турар жойда ертўла қисмининг цоколь ишлари бошланди.

Турар жойларнинг қурилиш ишларида 3 минорали кран ўрнатилиб, ишлар муваффақиятли давом этмоқда.

Шунингдек, Амударё туманидаги «Дўстлик» маҳалласидаги «Янги Ўзбекистон» массивида ҳам уй-жойлар қурилиши бошланиб, самарали давом этмоқда. Жорий йил 27 май куни аукцион савдолари орқали 8 та ер майдони «EverPROSPER INVESTMENT CONSULTING» МЧЖ томонидан ютиб олинди.

Ушбу турар жойларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам Хитой Халқ Республикасининг «Central South artichectural institute (CSADI) co Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда ва июнь ойи охирига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

Нукус шаҳрида кўп тармоқли болалар шифохонасини қуриш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шаҳардаги «Шарқ» маҳалласи ҳудудидан кўп тармоқли болалар шифохонаси қуриш учун зарур ер майдони танланди. Мазкур шифохонанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳам Хитой Халқ Республикасининг «Central South artichectural institute (CSADI) co Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Бугунги кунда шифохона ҳудудлари тўсиқлар билан ўралиб, қурилиш ишларини бошлаш учун шай ҳолатга келтирилди.

Бу ишлар белгиланган муддатларда муваффақиятли амалга оширилса, шаҳар ва туман марказларида яна бир қанча замонавий иншоотлар қад ростлаб, уларнинг кўркига кўрк қўшиб, қараган кўзни қувонтиришига ишонамиз.

 

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги