Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳозирдан бошланмоқда

271

Тахтакўпир тумани бўйича фойдаланишда жами 364 километрлик газ тармоқлари мавжуд. Шундан 20,1 километрлик қисми ер остида, 343,8 километрлик қисми ер устида жойлашган.

Мана шу газ тармоқлари орқали туман аҳолисига табиий газ етказиб берилмоқда. 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига туман ҳудудидаги истеъмолчиларнинг газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали томонидан тасдиқланган режа график асосида қатор ишларни амалга ошириш белгилаб олинган.

Хусусан, 4,1 километрлик газ тармоқларини реконструкция қилиш, 82 та газ тақсимлаш пунктларини ревизиядан ўтказиш, биттасида капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш, 30 километрлик газ тармоқларини ҳаво босими остида синовдан ўтказиш, 20,1 километрлик ер ости газ тармоқларини махсус приборлар ёрдамида ҳолатини текшириш, 25 километрлик газ тармоқларини тартибга келтириш ва бўяш ишларини олиб бориш режалаштирилган.



«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали матбуот хизмати маълумотларига кўра бугунги кунга келиб ушбу режадаги ишларнинг 50 фоизи амалга оширилган.

Ҳар бир кундан унумли фойдаланиб, бу ишлар самарали якунланса, туман ҳудудидаги 1640 дан ортиқ хонадоннинг газ таъминоти яхшиланади.

Соҳа ходимлари томонидан бугунги кунда бу ишлар қизғин давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги