Партиянинг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда

349

«Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, фахрийлар, Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, «Ёшлар қаноти» ва «Аёллар қаноти,» партия фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбир ҳунармандлар ва ёш истеъдод эгаларининг тасвирий кўргазмаси ҳамда ёш бахшиларнинг миллий куй-қўшиқлари билан очилди.

Тадбирда таъкидланганидек, «Миллий тикланиш» демократик партияси 1995 йилнинг 3 июнь санасида ташкил топди.

Ҳозирги вақтда «Миллий тикланиш»нинг Ўзбекистон бўйича 770 мингдан зиёд аъзоси бор. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида партия ғояларига бўлган қизиқиш кучайди. 2024 йилги сайловлар якуни бўйича маҳаллий кенгашларга партиянинг 1800 нафар вакили сайлангани ҳам унинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватловчилар доираси кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Бугунги кунда партиянинг Қорақалпоғистондаги аъзоларининг сони 51130 га етган бўлса, бошланғич партия ташкилотларининг сони 680 га етди. Шунингдек, партия 2024 йил 27 октябрда Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Сенатига 1 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига пропорционал сайлов тури бўйича 2 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 9 нафар ҳамда шаҳар ва туман Кенгашларига 63 нафар депутат сайланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўтган йиллар давомида партия сиёсати қатъийлашиб, ислоҳотларга бўлган қарашлари, эртанги кунга бўлган муносабатлари ўзгарганини таъкидлади. Сайловчининг талабидан келиб чиқиб, депутатлар зиммасидаги вазифалар кучайди. Парламентда ҳам, маҳаллий кенгашларда ҳам депутат том маънода халқ вакили бўлиши шарт, деган ҳақиқий талаб ишларнинг асосига айланмоқда.



Айни пайтда асосий эътибор тарбия ва таълим тизимини такомиллаштириб, кучли авлод шаклланишига хизмат қиладиган тизим яратишга қаратилмоқда. Шунингдек, баркамол авлодни тарбиялаш учун, аввало, зиёли педагогларни, билимли ота-оналарни тарбиялаш керак, деган ғоя ҳам кун тартибига қўйилди.

Тадбир якунида партия фахрийлари ва фаолларига эсдалик совғалари топширилди.

Жойларда партиянинг 30 йиллигини нишонлаш бўйича тадбирлар давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги