Суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг мурожаатларини бевосита эшитиш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш – давлат органларининг асосий вазифаларидан биридир. Шу асосда, Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан йўлга қўйилган онлайн қабуллар фуқаролар учун катта қулайлик яратаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жисмоний жиҳатдан суд биносига бориш имконияти бўлмаган ёки олис ҳудудда яшовчи фуқаролар онлайн мулоқот орқали ўз муаммосини осон етказиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса суд тизимининг одамлар ичига чуқур кириб бориши, халқнинг дардини эшитиши ва ҳаётий муаммоларни адолат асосида ҳал этишга интилишидан далолат беради.
Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов томонидан Амударё ва Тўрткўл туманларида яшовчи фуқаролар учун онлайн қабул ташкил этилди. Ушбу қабулда аҳолининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий ечимлар билан бирга амалий таклифлар берилди.
Видеоконференц-алоқа тарзида ташкил этилган онлайн қабулда фуқаролар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар, жумладан, мерос, оилавий низолар, мулкий ҳуқуқлар, ишдан бўшатиш, суд қарорларини ижро этиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаатлар йўллади.
Суд раиси томонидан ҳар бир мурожаат алоҳида кўриб чиқилиб, фуқароларга қонунчилик доирасида асослантирилган тушунтиришлар берилди. Айрим ҳолларда мурожаат қилишга асос бўлган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатлари қайта ўрганилиши ва тегишли идораларга илтимоснома юборилиши белгиланди.
Онлайн қабул жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида, уларга амалдаги миллий қонунчилик, фуқаролик-процессуал ва маъмурий иш юритиш тартиблари, мурожаат қилиш ҳуқуқлари ҳақида қўшимча маълумотлар ҳам берилди.
-Бизнинг бош мақсадимиз фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, суд органлари ва аҳоли ўртасида очиқлик, ишонч ва ўзаро мулоқотни кучайтиришга қаратилган,-дейди Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов.
Бундай ташаббуслар фуқароларнинг узоғини яқин , оғирини енгил қилиш, ва энг муҳими – суд органлари фаолиятининг очиқлиги ва фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омилдир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги