Президент фармони амалда

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, бугун республикамизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2023 йил 8 августда қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида Тахиатош туманида йирик фабрика қуриб битказилди.

Президентимизнинг топшириғи билан республикамиздаги барча вилоятлар Қорақалпоғистоннинг шаҳар ва туманларини ривожлантириш мақсадида бириктирилган эди. Шунингдек, Тахиатош туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга кўмаклашиш учун Сурхондарё вилояти бириктирилган бўлиб, айни пайтда вилоят мутасаддилари томонидан туманда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шулар қаторида вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида сурхондарёлик тадбиркорлар ва Тахиатош тумани масъуллари томонидан умумий қиймати 4 млн. долларлик трикотаж ва тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш фабрикасини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. «Сурхон-Тахиатош текстиль» фабрикасида айни пайтда корхонада 200 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда. Бу эса ҳудудда яшовчи 200 га яқин оилага қўшимча даромад олиб кириши шубҳасиз.

Фабриканинг йиллик қуввати 10 млрд сўм. Маҳсулот 100 фоиз экспортга йўналтирилади. Хомашё тўлиқ ўзимиздан. Бугунги кунда эса фабрика тўлиқ замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиб, фабрикада ишлаётган хотин-қизлар шундай қулайликлардан миннатдор.

– Янги умидлар, янги қадамлар билан туманда тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу муҳим ташаббус туманимиз хотин-қизлари ҳаётида янги даврга олиб чиқувчи ёрқин йўл десак бўлади. Менинг ҳаётимга ҳам қувонч олиб кирган шу фабрика туфайли ишли бўлдим. Ҳурматли Президентимизга биз хотин-қизларга яратилган имкониятлар учун миннатдормиз, – дейди «Обод» МФЙ да яшовчи Сарбиноз Назарова.

Бугун «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар Қорақалпоғистон миқёсида шундай муваффақиятлар билан кўзга ташланмоқда. Энг асосийси аҳоли бандлигини таъминлаш ва республикамизни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар учун халқимиз миннатдор бўлмоқда.

Г.Турдишова, Қорақалпоқстон ахборот агентлиги