Бепул дори-дармонлар билан таъминлаш қай даражада амалга оширилмоқда?
Ижтимоий тармоқлардан бирида «Адолат қаерда қолиб кетди?» мақоласи эълон қилиниб, унда тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан бериладиган дори-дармонларнинг етишмаслиги, тез ёрдам автомашиналарининг жуда камлиги, онкологик касалликка чалинган кўплаб беморлар дори-дармонларни ўз ҳисобидан сотиб олаётгани, шундай ҳолат сил билан оғриган беморларга ҳам тегишли бўлиб, уларнинг 50 фоизи дори-дармонларни ўз ҳисобидан сотиб олаётгани, ушбу касаллик билан оғриган болаларга дори-дармонларнинг маълум бир қисми етиб тургани каби қатор танқидий фикрлар билдирилган.
Жорий йилнинг 18 июнь куни масъул идора раҳбарлари иштирокида Республика тез тиббий ёрдам маркази Қорақалпоғистон филиалида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун очиқ мулоқот ўтказилди.




Унда тиббиёт муассасаларининг дори-дармонлар билан таъминланишининг бугунги ҳолати, автотранспортлар билан таъминланиши, беморлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалида хавфли онкологик касалликларга чалинган беморларни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан Марказлашган жамғарма маблағлари ҳисобидан келади. Қолган дори-дармонлар эса даволаш диагностика стандартларига асосан, давлат бюджети ҳисобидан биржа орқали сотиб олиниб, таъминлаб келинмоқда.
Республика фтизиатрия ва пульмонология марказида сил касаллигини даволаш учун қўлланиладиган биринчи навбатдаги дори воситалари давлат ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга учрамайди. Сил билан касалланган беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонлар Республика фтизиатрия ва пульмонология марказининг дори-дармонлар рўйхатига кирмаган бўлса, беморлар рецепт асосида ўзлари сотиб олиши белгиланган.
Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2025 йилнинг 5 ойи давомида дори-дармонлар, бир марталик буюмлар, реактивлар ва дезинфексиялаш ускуналари давлат бюджети ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга учрамаган. Онкогематологик касалликларни даволаш учун қўлланиладиган дори воситалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан Марказлашган жамғарма маблағлари ҳисобидан келади. Қолган дори-дармонлар эса даволаш диагностика стандартларига асосан дезинфекцияловчи ускуналар давлат бюджети ҳисобидан биржа орқали сотиб олиниб, таъминлаб келинмоқда. Бундан ташқари, беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонлар Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг дори-дармонлар рўйхатига кирмаган бўлса, беморлар рецепт асосида ўзлари сотиб олиши белгиланган.
Даволаш-профилактика муассасаларини хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар ҳамда тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш харажатлари 2017 йилга нисбатан 5,2 баробар ошди. Жумладан, дори-дармонларга 2023 йилда 103,3 млрд. сўм, 2024 йилда эса 113 млрд. 200 млн. сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, 2023 йилда марказлашган ҳолда 31 млрд. 721 млн. сўмлик дори-дармонлар олинган бўлса, 2024 йилда бу маблағлар 55 млрд. 120 млн. сўмга ошиб, асосий дори-дармонлар берилган (онкологик касалликлар, гематоонкология ва ҳ.к.).
Ҳозирги кунда Республика тез тиббий ёрдам маркази Қорақалпоғистон филиали ҳисобида 270 та автотранспорт мавжуд. Шундан 176 та автотранспорт тез тиббий ёрдам кўрсатишда, қолганлари санавиация, психиатрия бригадаси ва бошқа тиббий хизматлар учун фойдаланилади.
2023-2025 йиллар оралиғида жами 100 та замонавий тез тиббий ёрдам транспорти олиб келиниб, уларга GPS-трекерлар ва радиоалоқа ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилди.
Тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини рақамлаштириш бўйича ҳар бир ҳудудда «Cалл-марказ»лар ташкил этилди. Барча чақирувларни фақат ушбу «Call-марказ»лар орқали қабул қилиш, марказлар томонидан чақирувларни беморнинг ҳолати, касаллик тури ва унинг оғирлик даражасига қараб тоифага ажратиш ва тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш, тез тиббий ёрдамни туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасига қараб эмас, балки беморгача бўлган масофанинг яқинлигига қараб кўрсатиш йўлга қўйилди.
Дори-дармонлар сарфи ҳам тизим орқали кузатиб борилади. Яъни, дори воситаларининг сарфланиши ҳозирги вақтда планшет орқали Медатта-2 тизимига киритилади. Яъни ҳар бир дори-дармон сарфи ушбу тизим билан назоратга олинган.
Шу билан бирга, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига GPS-трекерлар ва радиоалоқа ускуналари ўрнатилган. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 176 та тез тиббий ёрдам автотранспортларига GPS ва 155 та автотранспортга радиоалоқа ускуналари ўрнатилган. Шунингдек, 162 та тез тиббий ёрдам бригадалари тўлиқ планшетлар билан таъминланган.
Бугунги кунга қадар филиалга, жами 89 та замонавий тез тиббий ёрдам транспорти олиб келиниб, уларга ҳам GPS-трекерлар ва радиоалоқа ускуналарини ўрнатиш ишлари олиб борилди.
– Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 2025 йилнинг 5 ойи давомида дори-дармонлар, бир марталик буюмлар, реактивлар ва дезинфекцияловчи воситалар билан бюджет ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга учрамади, – дейди марказ бош шифокори А.Маткаримова.
Онкогематологик касалликларни даволаш учун қўлланиладиган дори-дармонлардан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус буйруғи билан марказлашган жамғарма ҳисобидан келишини, қолган дори-дармонлар эса даволаш диагностик стандартларига асосан бюджет ҳисобидан биржа орқали марказ томонидан сотиб олинишини таъминлайди.
Бундан ташқари беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур бўлган дори-дармонлар Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази формулярига кирмаган бўлса, беморларга рецепт асосида ёзиб берилади.
– Интернет тармоғида эълон қилинган мақола бўйича айтадиган бўлсак, сил касаллигини даволаш учун қўлланиладиган бир қатор дори-дармонлар марказий бюджет ҳисобидан таъминланиб, ҳеч қандай узилишга тушмайди. Сил касаллигини даволаш учун қўлланиладиган иккинчи ва учинчи қатордаги дори воситалари халқаро Глобал фонд ва «Чегарасиз шифокорлар» ташкилоти томонидан тўлиқ таъминланган. Сил касаллиги билан оғриган беморларда учрайдиган қўшимча касалликлар учун зарур дори-дармонлар республика фтизиатрия ва пульмонология маркази формулярига кирмаган бўлса, беморларга рецепт асосида ёзиб берилади, – дейди Республика фтизиатрия ва пульмонология маркази директори ўринбосари З.Бекбаев.
«Адолат қаерда тушиб қолди?» мақоласи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг муносабати берилган.
Очиқ мулоқотда иштирокчилар берилган маълумотлар, эълон қилинган мақола, айрим муаммолар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги