Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабининг Нукус, Андижон, Бухоро, Фарғона, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ҳамда Урганч шаҳарларида филиаллари мавжуд. Босқичма-босқич қолган ҳудудларда ҳам мазкур мактабнинг филиаллари ташкил этилиши режалаштирилган.

Хўш, номзод бир вақтнинг ўзида Муҳаммад ал-Хоразмий таянч ихтисослаштирилган мактабига ва унинг ҳудудлардаги филиалларига ҳужжат топширса бўладими?

Мазкур савол юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров қуйидагиларни маълум қилди:

–Талабгор Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабига ёки ўз ҳудудидаги мазкур мактабнинг филиалига ҳужжат топшириши мумкин. Мактабга  ҳужжатлар қабули жорий йилнинг 20 июнига қадар давом этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, филиалларга ҳам ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади. Ўқувчилар учун аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА