Заргарлик буюмлари ўтказилмай қолди

Заргарлик буюмларининг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали олиб ўтилишига чек қўйилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ушбу постга 652-сонли “Бейнеу-Нукус” йўналишида ҳаракатланиб келган йўловчи поездининг 9-вагонида йўловчи сифатида келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг кўл сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, хуфиёна тарзда яшириб олиб ўтишга уринган 7 турдаги 47 дона жами оғирлиги 140,5 грамм бўлган олтин қимматбаҳо металлидан ясалган заргарлик буюмларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз Қозоғистон Республикасидан мамлакатимиз ҳудудига олиб келаётганлиги аниқланди.
“Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолатда эса мансабдор шахс ҳисобланувчи вагон кузатувчисининг заргарлик буюмларини ўзи кийиб юрган пайпоғига яшириб олиб ўтишдек қинғир қилиғига чек қўйилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистон” темир йўл бекатида 649-сонли “Нукус-Манғистаў” йўналишидаги йўловчи поездининг 11-сонли вагони кўздан кечирилганида, ушбу вагон кузатувчиси бўлиб кетаётган фуқаро ўзи кийиб юрган пайпоғига хуфиёна тарзда яшириб тегишли ҳужжатлари бўлмаган қора рангли целофан пакетда жами оғирлиги 122,7 гр.га тенг бўлган олтиндан ясалган заргарлик буюмлари олиб ўтмоқчи бўлганлиги аниқланди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йил бошидан жами 7та ҳолатда 2187 гр қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний тарзда олиб ўтилишига чек қўйилган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги