Қатар билан рақамли ва инвестицион ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Рақамли таълим — таълим жараёнини рақамли технологиялар орқали самарали қилишни кўзловчи тизим. Унга онлайн курслар, мобил иловалар, виртуал синфлар киради.
Ушбу соҳани ривожлантириш эса бугуннинг талаби. Чунки бугунги меҳнат бозорига дизайн, бухгалтерия, SMM, дастурлашни биладиган кадрлар керак.

Рақамли технологиялар вазирлигида Қатарнинг «MBK Holding» компанияси вакиллари билан ташкил этилган учрашувда ҳам айнан рақамли таълим, стартап, сунъий интеллект, рақамли технологиялар соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш каби соҳага тегишли бир қатор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди.

Ташриф давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг ривожланган рақамли инфратузилмаси таништирилди. Улар Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park ва UZINFOCOM– ягона рақамли интегратор фаолияти билан яқиндан танишди.

«MBK Holding» — 1969 йилда Доҳада ташкил этилган оилавий ташкилот бўлиб, рақамли технологиялар, юқори технологиялар ва стартапларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган. Компания ёш тадбиркорлар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга кучли эътибор қаратади.
«MBK Holding» томонидан Ўзбекистоннинг рақамли экотизими ва стартапларига инвестиция киритиш, Қатар рақамли ечимларини интеграция қилиш, Қатардаги компаниялар учун Ўзбекистондан IT мутахассисларни ёллаш каби йўналишларга катта қизиқиш билдирилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Н.Раҳмонова, ЎзА