Бугунги кунда волонтёр атамасини кўп эшитамиз лекин, бу сўзнинг маъносини биламизми? Волонтёр сўзининг маъноси кўнгилли ёш деган маънони билдиради. Кўнгиллилар асосан одамларга беминнат, беғараз яхшилик улашувчи ёшлар томонидан тузилади. Жамиятнинг ривожланиши фақатгина нафақат иқтисодий ўсиш ва технологик ривожланиш билан, балки одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати ва беғараз ёрдам кўрсатиши билан ҳам белгиланади. Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида фидойи ёшлар томонидан турли волонтёрлик ҳаракатлари ташкил этилиб, фаолият олиб борилмоқда. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузирида тузилган «Универсал» волонтёрлик ҳаракати алоҳида эътиборга лойиқ.
«Универсал» волонтёрлик ҳаракати 2024 йил март ойида бир гуруҳ фидойи ёшлар томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳаракат раҳбари Юсуф Қурбониёзов. Юсуф ўзи ёш бўлишига қарамай ёшларни бир мақсадга йўналтира олди, «биз волонтёрлар яхшилик элчиларимиз,» дейди Юсуф Қурбониёзов. Ҳаракатнинг асосий мақсади – жамиятга яхшилик қилиш, ёрдамга муҳтож инсонларга, ҳайвонларга ва атроф-муҳитга меҳр кўрсатишдан иборат. Дастлаб 15 нафар ёш билан йўлга қўйилган ушбу ҳаракат бугунги кунда 200 дан ортиқ волонтёрларни ўз сафига жалб этган. Бу ҳаракат фақат Нукус шаҳрида эмас, Хўжайли, Чимбой ҳамда Тахиатош туманларида ўз бўлимларига эга. Ҳаракат булар билан тўхтаб қолмай бошқа туманларда ўз фаолиятини бошлаш ниятида.
Ташкилот қисқа вақт ичида самарали лойиҳаларни амалга ошириш орқали кўплаб инсонларнинг қалбидан жой олди. Қуйида ушбу ҳаракат доирасида бажарилган асосий лойиҳалар билан танишамиз.
«Меҳр улашамиз» лойиҳаси. Ушбу лойиҳа ҳайвонларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва жамиятда уларга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиришга қаратилган. Кўнгиллилар томонидан мушук ва итлар учун махсус озуқалар тарқатилиб, уларга ғамхўрлик кўрсатилди. Лойиҳа орқали жамиятда ҳайвонларга меҳр-мурувват туйғуларини шакллантириш мақсад қилинган.
«Болаларга беринг дунёни» лойиҳаси бемор болалар ҳаётга янада умид билан қараши, уларнинг кайфиятини кўтариш учун ташкил этилган лойиҳа. Кўнгиллилар болаларга совғалар улашиб, турли ўйинлар ташкил этиш орқали уларнинг чеҳрасига табассум ва қувонч бағишлади.
«Зиёлимиз» лойиҳаси. Илм-маърифатни кенг тарғиб қилиш мақсадида олис ҳудудлардаги маҳаллаларда кутубхоналар ташкил этилиб, ёшларга китоблар етказиб берилди. Бу ташаббус орқали ёшларнинг билим олиш имкониятлари кенгайтирилиб, китобхонлик маданиятини шакллантиришга ҳисса қўшилди.
Яхшилик акциялари. «Универсал» волонтёрлик ҳаракати томонидан турли мавсумий акциялар ҳам ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ободонлаштириш ходимлари ва уйсиз одамларга қиш кунларида иссиқ овқат ва нон маҳсулотлари тарқатилиб, ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди.
Бундай тадбирлар орқали волонтёрлар фақат ёрдамга муҳтож инсонларга қолмай, балки жамиятда эзгулик ва саховат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Волонтёрлик ҳаракати ёшлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиб, уларда ижтимоий фаоллик, меҳр-оқибат, жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантиради. Волонтёр сифатида фаолият юритган ёшлар:
✔ Янги дўстлар орттиради, жамоада ишлаш тажрибасига эга бўлади.
✔ Фидойилик ва сахийликни ўрганади, жамиятга фойдали бўлиш ҳиссини сезади.
✔ Раҳбарлик ва ташкилотчилик кўникмаларига эга бўлади.
✔ Ўзининг ихтиёрий меҳнати орқали тажриба орттиради, бу эса келажак касби учун катта аҳамиятга эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, қисқа вақт ичида «Универсал» волонтёрлик ҳаракати Қорақалпоғистон Республикасидаги энг фаол жамоалардан бирига айланди. Улар ўз сафларига эзгу ишларга бефарқ бўлмаган ёшларни жалб этиб, жамиятимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Яхшилик қилишдан ҳеч қачон тўхтаманг!
Гулшада Кайратбаева, ҚДУ, қорақалпоқ филологияси ва журналистика мутахассислиги 1-курс талабаси
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги