Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф давомида Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА)нинг «TURKTIME: парламент дипломатиясининг роли” мавзусида бўлиб ўтадиган 14-ялпи мажлисида иштирок этиш ва бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.
Бу ҳақда қуйи палатанинг матбуот хизмати маълум қилди.
Жумладан, ташриф доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Соҳиба Гафарова билан учрашув ўтказилди. Унда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётгани, ҳамкорликнинг барча йўналишларида ижобий ўсиш кузатилаётгани алоҳида қайд этилди.

С.Гафарова Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни юксак баҳолади. Икки давлат ўртасидаги парламентлараро мулоқот анча фаоллашганини эътироф этди. Ўзаро алоқалар халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида мустаҳкамланиб бораётгани ва парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилгани муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Нуриддин Исмоилов шунингдек, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши торағаси Нурланбек Турғунбек ўғли билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида ўзбек-қирғиз муносабатлари стратегик шериклик даражасида фаол ривожланиб бораётгани, давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва олий даражадаги музокаралари икки томонлама парламентлараро муносабатларни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди.
Н.Турғунбек ўғли жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси юқори даражада ташкил этилганини қайд этиб, у парламент дипломатиясининг ўзига хос намунаси сифатида намоён бўлганини эътироф этди. Мулоқот чоғида икки томонлама парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди.
М.Комилова,
ЎзА