Электр-самолёт илк бор муваффақиятли парвоз қилди

262

Ҳаво транспорти соҳасида экологик тоза технологиялар тобора кенг қўлланилмоқда. 2025 йил июнь ойида АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яна бир муҳим тарихий воқеа юз берди — электр қувватида ишловчи самолёт илк бор муваффақиятли парвоз қилди. Ушбу лойиҳа Beta Technologies компаниясига тегишли бўлиб, у ҳаво транспортининг келажагини экологик ва иқтисодий жиҳатдан самарали йўналишга буришни мақсад қилган.

Электр-самолёт илк бор Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортидан самога кўтарилди. Синов парвози давомида самолётда бир нафар учувчи ва тўрт нафар йўловчи бўлган. Парвоз 45 дақиқа давом этди ва муваффақиятли қўниш билан якунланди.

Парвознинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — унинг ниҳоятда кам ҳаражат билан амалга оширилганидир. Beta Technologies маълумотларига кўра, 45 дақиқалик парвоз учун сарфланган электр энергияси қиймати бор-йўғи 7 долларни ташкил этган. Бу анъанавий ёқилғи билан таққослаганда жуда катта тежамкорликдир.

Ушбу муваффақиятли синов парвози электр ҳаво транспорти саноати учун муҳим қадам бўлиб, келажакда қисқа масофали ички парвозлар, ҳаво таксилари ва юк ташиш соҳаларида кенг қўлланилиши кутилмоқда. Beta Technologies вакилларининг айтишича, улар яқин йилларда ушбу турдаги самолётларни тижорий фойдаланишга чиқаришни режалаштирмоқда.

Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА