“Долзарб 90 кун” – янги имкониятлар ва илҳом манбаига айланмоқда

393

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси юртимиз бўйлаб барча соҳаларда янги руҳ, янгича қарашлар ва амалий ҳаракатлар босқичига айланди. Бу ташаббусни Амударё туманидаги 62-умумтаълим мактаби жамоаси катта иштиёқ билан қарши олиб, дастлабки ўн кунлик фаолият давомида ўқувчиларни қамраб олган мазмунли тадбирларни амалга оширди.

Мактабда ўтказилган тадбирлар асосан ёшларнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини оширишга, уларни замонавий билимлар билан қуроллантиришга, ижодкорлик ва ташаббускорлик руҳини кучайтиришга қаратилди. Ушбу кунларда спорт мусобақалари, компьютер дастурларини ўрганиш, «Меҳр ва эътибор – болалар учун энг  катта туҳфа» мавзусидаги давра суҳбатлари, турли лойиҳавий тақдимотлар, кутубхоналарга ташрифлар, театр саҳналаштириш, рақамли расм чизиш бўйича танловлар каби қатор фаолиятлар ташкил этилди. Бу тадбирлар ўқувчиларнинг тафаккурини бойитди, уларни бир жамоа бўлиб ишлашга, ижодий фикрлашга, ўз ғояларини эркин ифода қилишга юналтирди. Айниқса, ҳар бир йўналишдаги ишлар улар учун янги қизиқиш ва кўникмаларни юзага чиқарди.

Шунингдек, “Қувноқ стартлар” номли спорт мусобақаси алоҳида эътиборга лойиқ бўлди. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари Ж. Юлдошев ва Ш. Хасановалар бошчилигида ўтказилган ушбу мусобақада ўқувчилар ўзларининг чаққонлиги, жамоавийликдаги мувофиқлик ва спортга бўлган меҳрини намоён қилдилар. Мусобақа ниҳоясида энг фаол ва чаққон иштирокчилар аниқланиб, улар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундан ташқари, мактабда ўтказилган расмлар ва иншолар танловлари ҳам ўқувчилар ижодий салоҳиятини намоён этишига хизмат қилди. Расм чизиш танловида Махсабоев Ҳаётбек, ўзининг ноанъанавий ёндашуви ва тасвирий тафаккури билан биринчи ўринни қўлга киритди. Иншолар танловида эса Нурманова Сарвиноз ўзининг ифодали ва таъсирчан фикрлари билан энг яхши иштирокчи деб топилди. Уларнинг ғалабалари ёш ижодкорлар учун чинакам илҳом манбаи бўлди. Бу эса ўқувчиларда катта қувонч ва яна-да фаол иштирок этиш истагини уйғотди. 62-мактаб жамоаси “Долзарб 90 кун”ни нафақат мажбурият, балки руҳ ва иштиёқ билан, ўз ўқувчиларининг ҳар томонлама ривожланиши учун имконият сифатида қарши олди. Ушбу жараён давомида яна кўплаб эзгу ишлар амалга оширилиши, мактаб ҳаёти янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.

Шоира Хайтбаева,

ҚДУ, журналистика ихтисослиги 1-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги