Йўл қоидаси – умр фойдаси, ёки бепарволикнинг аччиқ сабоқлари

Бугунги кунда жамиятимизда турли қоидалар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси тартиб-интизомни таъминлашга қаратилган. Лекин, уларнинг айримлари биз учун шунчаки «одатий ҳол»га айланган. Айниқса, ҳаётимизни асрашга хизмат қиладиган энг муҳим тартиблардан бири – йўл ҳаракати қоидалари – унга доим эътибор берилмаяпти. Қоидаларни бузиш баъзан онгли, баъзан оддий бепарволик натижасидир. Лекин, оқибати аянчли бўлиши мумкин.
Йўл ҳаракати қоидалари нафақат автомобиль ҳайдовчилари, балки пиёдалар учун ҳам мўлжалланган. Бу қоидаларга амал қилиш, аввало, инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлайди. Афсуски, бугунги кузатувлар айрим пиёдалар бу талабларни менсимаётганини кўрсатмоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Нукус шаҳри Эрназар Алакоз ва Тўлепберген Қайипбергенов кўчалари кесишмасида, яъни деҳқон бозори олдидаги чорраҳада тез-тез учраб туради. Бу ерда пиёдалар учун ерусти кўприги, яқин жойда ерости йўли, бозор автотураргоҳига кираверишда светофор ва пиёдалар йўлаги бор. Барча зарур шароитлар яратилган бўлса-да, айрим фуқаролар – асосан кексалар ва уларга эргашган ёшлар – белгиланган жойлардан эмас, чорраҳанинг энг ноқулай жойларидан йўлни кесиб ўтишга уринмоқда.
Йўл четида «йўлни фақат белгиланган жойдан кесиб ўтинг» деган огоҳлантирувчи ёзувлар турган бўлса-да, улар эътиборга олинмайди. Бундай эътиборсизлик эса, автомобиль ҳайдовчилари учун катта муаммо туғдиради. Ҳайдовчилар билан суҳбатлашганимизда, улар пиёдаларнинг тўсатдан югуриб чиқиши оқибатида автоҳалокат хавфи ортишини, бу нарса оғир оқибатларга олиб келишини таъкидлашди.
Энг ачинарлиси, бундай ҳолатни кўриб турган ЙПХ ходими ҳам вазиятга бефарқ қараб, фақат ҳайдовчиларга қоидаларни тушунтириш билан чекланиб, пиёдалар билан профилактик суҳбат ўтказиши етарли эмасдек кўринади. Чунки йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳар бири – ҳайдовчи бўладими, пиёда бўладими – қонун олдида тенг жавобгар.
Кичик кўринадиган қоидабузарликлар катта фалокатларга олиб келишини унутмаслигимиз керак. Қоидаларни бузиш – нафақат тартибни, балки инсон ҳаётини хавф остига қўяди, дегани. Йўл ҳаракати қоидалари – бу фақат ҳайдовчилар учун ёзилган меъёрлар эмас, улар ҳар бир фуқаро, ҳар бир пиёда учун ҳам амал қилиши керак бўлган қонун-қоидалардир.

Унутмайлик, йўл қоидаси – умр фойдаси.
Зафар Полвонов,
ҚДУ журналистика таълим йўналиши 1-курс талабаси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги