Ўзбекистон президенти хорижий делегациялар раҳбарларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Нокергули Атагулиевни қабул қилди.
Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов билан учрашув аввалида Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий кооперация йили доирасида биргаликда самарали ишлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, жумладан, қўшма Инвестиция компанияси кўмагида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари қизғин паллага кирган. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда.
Эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва бўлажак олий даражадаги учрашув учун янги ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқиндан амалий ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Шу маънода, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва икки мамлакат ҳудудлари форумининг юқори натижадорлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Автосаноат, электротехника, тўқимачилик, металлургия, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзаро савдони кўпайтириш ва устувор тармоқларда, шу жумладан, ҳудудлар даражасида саноат кооперациясининг узоқ муддатли дастурини шакллантириш бўйича икки мамлакат ҳукуматлари томонидан мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўрилиши муҳим экани қайд этилди.

Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев давлатимиз раҳбарига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Энергетика ва транспорт коммуникацияларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан, Қамбарота ГЭС-1 ва «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда ўтказиладиган Ҳукуматлараро комиссия ва Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишларини самарали ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода давлатимиз раҳбарига Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кўп қиррали ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми ортмоқда, саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Самарали ҳудудлараро алоқалар ва фаол маданий-гуманитар алмашинув йўлга қўйилган.
Шерикликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш, товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш, кооперация ва чегараолди ҳамкорлик лойиҳаларини фаол илгари суриш муҳим экани таъкидланди.

Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари Александр Новак давлатимиз раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда форум муваффақиятли ўтаётгани билан табриклади.
Ўтган йили май ойида Россия етакчисининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва олий даражадаги бошқа мулоқотлар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш, нефть-газ тармоғидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, тинч атом соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Нокергули Атагулиев давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика, сув хўжалиги соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак Ҳудудлар форуми ҳамда қатор қўшма ишбилармонлик ва маданий тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш муҳим экани таъкидланди.
ЎзА