Мамлакатимиз молиячилари ички аудит бўйича халқаро тажрибани ўрганди

Черногориянинг Будва шаҳрида Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) доирасида “Аудит амалиёти” ва “Мувофиқлаштириш бўйича марказий бўлинмалар учун чақириқлар” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Жаҳон банки кўмагида ташкил этилди.
Йиғилишдан кўзланган асосий мақсад – давлат молиявий назорати ва ички аудит соҳасида хорижий мамлакатларда, жумладан, Черногорияда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш, мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, халқаро стандартлар асосида қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳамда аъзо мамлакатлар мутахассислари учун мулоқот майдони яратишдан иборат бўлди.
Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатдан амалиётчи мутахассислар ва экспертлар иштирок этди. Йиғилиш анъанавий ва онлайн форматда ўтказилиб, Ўзбекистондан 100 дан зиёд ички аудитор онлайн тарзда қатнашди. Иштирокчилар томонидан берилган саволларга халқаро мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Йиғилиш доирасида Халқаро ички аудиторлар институтининг “Глобал ички аудит стандартлари”га асосан ишлаб чиқилган PEMPAL’нинг давлат органлари учун ички аудит бўйича намунавий қўлланмаси муҳокама қилинди ва унга тегишли таклифлар киритилди.
Шунингдек, самарадорлик аудитини амалга ошириш бўйича Нидерландия, Жанубий Африка Республикаси, Польша ва Греция тажрибаси ўрганилди. Черногориядаги давлат ички аудит ва назорат тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг босқичлари таҳлил қилинди. Мавжуд муаммолар амалиётчи мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар ҳамкорлигида кўриб чиқилди.
Йиғилиш давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, аудит жараёнларида учрайдиган мураккаб ҳолатларни муҳокама қилдилар ва хулосалар ишлаб чиқдилар.
Барқарорлик аудитини ташкил этиш борасида Испания, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси тажрибалари таҳлил қилинди. Бу йўналишда махсус қўлланма ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва ESG – атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув аудитини амалга ошириш бўйича Европа давлатлари тажрибаси ўрганилди. Янги аудит турлари орқали давлат органларининг халқаро тенденцияларга муносабати, ички аудит кадрларининг билим ва малакасини ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Йиғилиш якунида PEMPAL’нинг намунавий қўлланмаси якунланиб, таклифлар асосида нашр этилиши ва самарадорлик, барқарорлик ҳамда ESG аудитлари юзасидан чуқурроқ тадқиқотлар олиб борилиши бўйича келишувга эришилди.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА