Халқаро экспорт стандартлари бўйича тушунтиришлар берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Туркcерт Белгилаш хизматлари сертификатлаштириш ташкилоти ва «Smart-TRC International Consulting Services» консалтинг ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасида маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш ва халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, халқаро сертификатлар олиш тартиби» мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренингнинг асосий мақсади – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштириш жараёнлари, экспорт имкониятлари ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни ошириш йўлларини тушунтиришдан иборат.
Семинарда 2025 йилда халқаро стандарт талабларини жорий этиш бўйича хоҳиш билдирган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги нуфузли корхоналар вакиллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга халқаро сертификатларни олиш тартиби, экспорт жараёнидаги талаблар ва консалтинг хизматларининг афзалликлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бундай семинарлар нафақат экспорт салоҳиятини оширишга, балки маҳаллий корхоналарни глобал рақобатга тайёрлашга хизмат қилади.
Иштирокчилар семинар давомида мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.



Қорақалпоғистон ахборот агентлиги