Омбудсман викторинаси ғолиблари аниқланди

207

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан “Ҳуқуқ билимдони” Омбудсман викторинасининг якуний босқичи ўтказилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда имкониятлар тенглигини таъминлаш, айниқса, етим болалар ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминланиш муҳим аҳамиятга эга.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, уларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш эътибордан четда қолмаслиги зарур.

Шу мақсадда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билимларини оширишга қаратилган лойиҳа 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланди.

Икки босқичдан иборат ушбу викторинада Тошкент шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйларининг 100 нафарга яқин тарбияланувчиси қамраб олинди.

Хусусан, шаҳримиздаги 22 ва 30-сонли Меҳрибонлик уйларининг ўзбек ва рус тилларида таълим олувчи юқори синф ўқувчилари викторинанинг 1-босқичида иштирок этган.

Омбудсман викторинасининг якуний босқичида тестлардан энг юқори балл тўплаган 10 нафар ўқувчи иштирок этди.

Викторина иштирокчилари билимлари мазкур лойиҳа ташаббускорлари, сенатор ва депутатлар ҳамда Болалар омбудсмани томонидан баҳоланди.

Иштирокчилар белгиланган вақт ичида берилган назарий ва ҳаётий воқеалардан келиб чиқиб тузилган амалий саволларга жавоб берди.

Дастлаб викторинанинг финал босқичига етиб келган 6 нафар иштирокчига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан берилган баллар асосида аниқланган ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш, уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши, шунингдек, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратади.

Н.Абдураимова,

А.Мамадаминов (сурат),

ЎзА