Олий Мажлис Сенати томонидан Кенгаш текширувини ўтказиш тартиби қандай?

233

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 6 майдаги «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан Кенгаш текширувини ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан Кенгаш текширувини ўтказиш тартиби тасдиқланди.

Кенгаш текшируви – тегишли ҳудуднинг хавфсизлигига, барқарор ривожланиш асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ва воқеаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкин бўлган маҳаллий Кенгашнинг алоҳида текширув туридир.

Кенгаш текширувини ўтказиш қонунийлик, холислик, очиқлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш принципларига асосланади.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек, ижро иши юритиш ва нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият Кенгашнинг текшириш объекти бўлиши мумкин эмас.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларида ёки интернет тармоғида эълон қилинган маълумотлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотлари, депутатларнинг таклифлари Кенгаш текширувини ўтказиш учун асос бўлади.

Депутат (ёки депутатлар гуруҳи) – маҳаллий Кенгаш депутатларининг камида учдан бир қисми қўллаб-қувватлаган тақдирда, маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияси, маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳи, вилоят, туман, шаҳар ҳокими, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси маҳаллий Кенгашга Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Маҳаллий Кенгаш Кенгаш текшируви якунлари бўйича мансабдор шахсни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат органларига, Вазирлар Маҳкамасига ёки Олий Мажлис Сенатига таклифлар киритиши, тегишли давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар киритиши мумкин.

Шунингдек, Кенгаш текширув якунлари бўйича тайёрланган материалларни ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши ҳолатлари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳолатлари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга зудлик билан чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши, Кенгаш текширув натижаларини эълон қилиши мумкин.

Ушбу қарор билан ўз навбатида маҳаллий Кенгашлар, уларнинг доимий комиссиялари ва партия гуруҳларидан янада фаол бўлиши талаб қилинади.

Маҳмуд Есенгелдиев,

Халқ депутатлари Шуманай тумани Кенгашининг депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги