Бошқа бир товар номи билан чегарадан олиб ўтишга уринди

«Довуд-ота» чегара божхона постида божхона тўловларидан қочиш мақсадида товарларнинг бошқа товар номи остида олиб кирилишининг олди олинди.
Ушбу постга кириб келган юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, барча товар ҳужжатларида кўрсатилганидек, «майдаланган кишмиш» товари эмас экан. Ушбу товарлар орасида божхона назоратидан яширилган 244 қопда жами оғирлиги 7076 кг. сут қуртининг (расторопша) уруғи борлиги аниқланди.
Худди шундай яна бир ҳолатда, ушбу постга кириб келган юк автотранспорт воситасида ҳам товардан 242 халтаси бошқа турдаги товарга «алмаштирилиб» қолганлиги ҳолати аниқланди.
«Зира уруғи» товари орасига 11,1 тонна оғирликдаги «қуритилган нўхат» товарини яширинча мамлакатимиз ҳудудига олиб кирмоқчи бўлганида, тўхтатиб қолинди.
Аниқланган бу икки ҳолатда қарийб 400 миллион сўмлик товарлар вақтинча сақлашга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги