Ёшларга компьютер ва китоблар топширилди

241

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев «Ёшлар ойлиги» доирасида Қўнғирот туманидаги манзил колонияларининг бирида жазо муддатини ўтаётган ёшлар билан учрашди.

Учрашувда республикамиз раҳбари мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, шу асосда уларнинг ўз қобилиятини юзага чиқариши, чуқур билим олиши, илғор фикрли ва она-Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган фидойи инсонлар бўлиб камол топишига шароитлар яратилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг минг-минглаб ёшлари қаторида ҳаёт йўлларида озгина адашиб, бугунги кунда манзил колонияларида жазо муддатини ўтаётган ёшлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг тез орада жамиятга аралашиб, ўз ўрнини топиши учун яқиндан ёрдам берилиши алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, ўтказилган учрашувда ёшлар ҳам бу ерда бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишлари ва ўзларининг хоҳиш-истакларини билдирди.

Учрашувда барча кўтарилган масалалар белгилаб олиниб, тез фурсатда амалий чоралар кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.




Шунингдек, ёшларнинг IT соҳасини ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев томонидан махсус компьютерлар ва китоблар топширилди.

Шундан сўнг республикамиз раҳбари манзил колонияда ёшларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиши учун фаолият юритаётган касбга йўналтириш масканлари билан яқиндан танишиб, уларнинг фойдали иш билан шуғулланиши, илм ва ҳунар ўрганиши учун янада кўпроқ имкониятлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги