Ўзбекистоннинг кон-геология ютуқлари халқаро майдонда тақдим этилди

186

Бугун Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Astana Mining & Metallurgy” 15-юбилей халқаро кон-металлургия конгресси ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли анжуманда дунё бўйлаб кон-металлургия соҳасига оид илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш, соҳадаги долзарб муаммолар ҳамда истиқболли ечимларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юбилей анжуманида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги  бошқарма бошлиғи М.Болибеков ҳамда “Минерал ресурслар институти” давлат муассасаси директори М.Исоқов иштирок этмоқда.

Анжуман доирасида ташкил этилган “Халқаро ҳамкорлик: Геология хизматлари йиғилиши” деб номланган панел сессиясида вазирлик делегацияси вакиллари мамлакатимиздаги кон-геология соҳасида эришилган ютуқлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган тақдимот билан иштирок этди.

– Бундай анжуманлар нафақат илмий-тадқиқот ҳамкорлигини кенгайтириш, балки соҳадаги инновацион ёндашувларни ўрганиш ва амалиётга жорий этиш учун муҳим майдон ҳисобланади. Биз тақдимотимизда сўнгги йилларда Ўзбекистонда кон-геология соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, замонавий геологик тадқиқот технологиялари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот бердик. Бу соҳада халқаро мулоқотни янада чуқурлаштиришга эҳтиёж ортиб бормоқда, – деди “Минерал ресурслар институти” директори М.Исоқов.

Шунингдек, конгресс доирасида халқаро кўргазма ҳам ташкил этилган бўлиб, унда 13 мамлакатдан 40 дан ортиқ компания ўзининг кон-металлургия маҳсулотлари ва техник ечимларини намойиш этмоқда.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур конгрессда Ўзбекистоннинг фаол иштироки мамлакатимиздаги геология ва тоғ-кон соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги ва халқаро ҳамкорликка тайёрлигини яна бир бор намоён этди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА