Миграция соҳасига хусусий сектор кенгроқ жалб қилинади

Қонун лойиҳасига шарҳ
Хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижда ҳужжатсиз қолиб кетган фуқароларимизга Ватанга қайтиш гувоҳномаси ва паспортлар расмийлаштириш, консуллик рўйхатига олиш, Ўзбекистондан ҳужжатлар сўраб олиш, доимий яшашга рухсатнома расмийлаштириш, судланмаганлик ҳақида маълумотнома олиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш бўйича муайян ишлар бажарилган.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида миграция соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиб, ушбу соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, фуқароларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда юбориш соҳасида хусусий секторнинг иштироки кенгайтирилди.
Эндиликда миграция жараёнларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш борасида ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Шунингдек, Миграция агентлигига хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий таъсир чораларини қўллаш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш берувчидан ёки буюртмачидан ундириш тартиби бекор қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслардан Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ ундириш бўйича тақиқ олиб ташланмоқда.
Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликларига хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилиниши лозим бўлган маблағлар миқдорини камайтириш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, миграция соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, соҳага хусусий секторни янада кенгроқ жалб қилиш ҳамда кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА