Ҳиндистонлик эксперт Нью-Деҳлини Марказий ва Жанубий Осиё  ўртасидаги ўзаро боғлиқликни илгари суришда фаолроқ иштирок этишга чақирди

221

Американинг “The Diplomat” нашри ҳиндистонлик профессор Шанти Мариет Д’Соузанинг «Ўзбекистон алоқаларининг ривожланиши:  Ҳиндистон Марказий Осиёга нисбатан ўз сиёсатини тиклайдими?» номли мақоласини чоп этди.

Материалда шу йилнинг 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтган  Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти якунларига алоҳида эътибор қаратилади.

— Ушбу  анжуман Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ  Бош ассамблеясининг 2022 йилдаги резолюциясида акс этган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларининг мантиқий  давоми ҳисобланади, —  дейди Шанти Мариет Д’Соуза.

Экспертнинг сўзларига кўра, Термиз мулоқоти давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, молиявий сектор ва ишбилармон доиралар, эксперт ҳамжамиятининг вакилларини бир жойга жамлаган кенг кўламли ва кўп томонлама минтақавий  майдонга айланди.

Мутахассиснинг фикрича, мазкур тадбир минтақалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва  трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ёндашувларни стратегик жиҳатдан қайта кўриб чиқишга ёрдам берди. Термиз мулоқотида хусусий сектор ва молия институтлари вакилларининг иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Боиси бугунги кунда давлатларнинг  иқтисодий  ўсишини таъминлашда  айнан улар асосий роль ўйнамоқда.

— Йиғилишда ташкилотчилар ва иштирокчилар томонидан ҳар қандай масалани “пастдан-юқорига” тамойили асосида, яъни  жамоатчиликни жалб қилиш орқали ҳал этиш зарурлиги, бу бугунги воқеликларига тўла жавоб бериши бир неча бор қайд этилди, — деб қўшимча қилди профессор.

Таҳлилчи  Термиз мулоқоти  кўп томонлама  ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ишончни мустаҳкамлаш ва  иқтисодий ривожланишни  рағбатлантириш орқали  хавфсизликни таъминлашга хизмат қила олишига ишонч билдирган.

Шунингдек, мақола муауллифининг фикрича, анжуманда Афғонистон делегацияси вакилларининг иштирок этиши Тошкентнинг ушбу мамлакатни  минтақавий жараёнларга жалб қилишга бўлган интилишини кўрсатди, бу эса кенг Евроосиё маконида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни   таъминлашнинг муҳим  омилидир.

— Қолаверса, Ўзбекистоннинг Қобулни минтақага қайта интеграция қилиш бўйича саъй-ҳаракатлари Толибон халқаро ҳамжамиятнинг масъул аъзосига айланишига ёрдам бериши  мумкин, — деб ҳисоблайди Шанти Мариет Д’Соуза.

Ҳиндистонлик эксперт тадбирнинг Термиз шаҳрида ўтказилиши рамзий маъно касб этиши ҳақида тўхталар экан, ушбу шаҳар тарихан Марказий ва Жанубий Осиё туташган нуқтада жойлашганини қайд этади. Термиз асрлар давомида  цивилизациялар чорраҳасида жойлашиб, маданиятлараро, конфессиялараро мулоқот маркази, ўзига хос транзит хаби бўлиб хизмат қилган.

— Бугун ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган Термиз минтақавий хабга айланмоқда, — дейди таҳлилчи. Унинг сўзларига кўра, Термиз халқаро савдо маркази, “Карго марказ” халқаро кўп тармоқли  транспорт-логистика хаби каби янги инфратузилма лойиҳалари бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда.

Термизда эркин савдо зонасининг ташкил этилиши иқтисодий интеграция орқали Афғонистон ҳудудида узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлай оладиган инновацион ташаббус бўлди.

Шу нуқтаи назардан, Шанти Мариет Д’Соуза халқаро муносабатлар  тизимидаги инқироз шароитида ўзаро боғлиқликлик стратегик аҳамият касб этишини  қайд этди.  Шу боис, мутахассис Ҳиндистон ҳукуматини ўзининг Марказий Осиё бўйича сиёсатини  фаоллаштиришнинг муҳим  шарти сифатида минтақалараро ўзаро боғлиқликни таъминлашда энг олди давлатлардан бирига айланишга чақирди.

Мақолада Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни илгари суришда муҳим роль ўйнаши алоҳида қайд этилган.  Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиб бораётган, проактив ташқи  сиёсат олиб бораётган ва Марказий Осиё минтақасини шакллантириш жараёнларида ташаббускорлик кўрсатаётган кучли мамлакатга айланди. Бунда Президент Шавкат Мирзиёев минтақалараро ўзаро боғлиқликни чуқурлаштиришга қаратилган барча жараёнларни ҳаракатга келитрувчи асосий куч сифатида эътироф этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Нью-Деҳли Тошкент билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайди.

— Ўзбекистон ривожланаётган давлат сифатида Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда бутун Евроосиё минтақаларини боғловчи бўғинга айланди, – дейди профессор.