Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси якунланди

Таълим соҳасига кўрсатилаётган эътибор натижасида аниқ ва табиий фанлар бўйича Ўзбекистонда халқаро фан олимпиадаларини ўтказиш ибратли анъанага айланди.
Бу эса ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини кучайтириш, уларнинг билимларни ўзлаштириш даражасини хорижлик тенгдошлари билан таққослаш учун ҳам ўзига хос имкониятдир.
Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳамда Фан олимпиадалари маркази томонидан Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ўтказилди. Билимлар беллашуви дўстлик, маърифат, изланиш, маҳорат байрамига айланди, десак муболаға бўлмайди.
“Янги Ўзбекистон” университетида мазкур олимпиада ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу халқаро билимлар беллашуви Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда иккинчи маротаба ўтказилмоқда.
Олимпиадада дунёнинг 13 та мамлакати — Саудия Aрабистони, Туркия, Озарбайжон, Мўғулистон, Беларусь, Вьетнам, Россия, Грузия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат жами 115 нафар (28 та жамоа) ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида ҳакамлар ҳайъати таркибига Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Беларусь ва Aнглия каби хорижий мамлакатлардан халқаро олимпиадалар соҳасида кўп йиллик тажриба ва юқори салоҳиятга эга эксперт-мутахассислар, шунингдек, Ўзбекистондан академик унвонга эга профессорлар жалб этилди.
Олимпиада икки босқичда ташкил этилиб, биринчи турда амалий (лаборатория) иш шаклида топшириқлар бажарилган бўлса, иккинчи тур ёзма иш (назарий) тарзида бўлиб ўтди.
Олимпиада доирасида ўқувчи-ёшлар учун халқаро мутахассислар иштирокида бир қатор маҳорат дарслари ўтказилди.
Шунингдек, олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлар учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий ва маданий объектларига саёҳатлар ташкил этилди. Улар юртимизнинг маданий ва маърифий мероси билан яқиндан танишди.
Мазкур олимпиада кимё фани бўйича жорий йилнинг июль ойида ўтказиладиган Халқаро кимё олимпиадасига навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.
Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси натижаларига кўра, 12 нафар ўқувчи олтин, 24 нафар ўқувчи кумуш, 33 нафар иштирокчи бронза медалига сазовор бўлди.
Тантанали тадбирда ғолиблар тақдирланди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА мухбирлари


























