Туркияда 5,8 магнитудали зилзила содир бўлди

276

Бугун Туркия Табиий офатларни бошқариш агентлиги Ўрта ер денгизи соҳилидаги Мармарис шаҳрида қайд этилган 5,8 магнитудали зилзила ҳақида хабар берди. Саросимада жон сақлашга уринган камида 69 киши жароҳатлангани айтилмоқда. Бу ҳақда «ABC news» ёзди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ер маҳаллий вақт билан 02:17 да қимирлагани, қўшни ҳудудлар, жумладан Грециянинг Родос оролида ҳам сезилиб, кўпчилик уйғониб кетганини маълум қилди.

Губернатор Идрис Оқбийик жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, жиддий шикастланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил Туркияда 7,8 магнитудали зилзила оқибатида 53 000 дан кўп одам ҳалок бўлган, жанубий ва жануби-шарқий 11 вилоятда юз минглаб бино вайрон бўлган. Бундан ташқари қўшни Суриянинг шимолий ҳудудларида ҳам 6000 киши бевақт ўлим топган эди.

Мусулмон Зиё, ЎзА