Жанубий кореяликлар янги президентни сайламоқда

273

Корея Республикаси собиқ Президенти Юн Сoк Ёль ҳарбий ҳолат жорий қилишга уриниши ортидан импичментга дучор бўлган эди. Бугун ушбу мамлакатда миллионлаб фуқаролар навбатдан ташқари сайловда янги етакчи учун овоз бермоқда.

BBC тарқатган маълумотга кўра, ҳозирча мухолиф партиядан Ли Чже Мён биринчи ўринда, ҳукмрон партия ҳисобланган Юн маҳкамаси собиқ аъзоси Ким Мун Су эса асосий таъқибчи.

Мазкур сайлов Юннинг ўтган йил декабрь ойидаги қисқа ва муваффақиятсиз амалиёти натижасида юзага келган, Жанубий Корея сўнгги ойларда бошидан кечираётган ички норозилик, бир неча ойлик сиёсий тартибсизлик асносида ўтказиляпти.

Сайланадиган навбатдаги етакчи АҚШ тарифларига ечим топиши, қандай қарорлар чиқаришини олдиндан айтиб бўлмайдиган Дональд Трампнинг иттифоқчисига айланишга мажбур бўлиши тахмин қилиняпти.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 20:00 да ёпилади. Шундан сўнг бир неча соат ичида дастлабки натижа эълон қилиниши кутилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА