Болалар учун «Жеткиншек» газетаси совға

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни дунё миқёсида уларга бўлган меҳр, ғамхўрлик ва эътибор ифодаси сифатида кенг нишонланади.
Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам тадбир ўтказди.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қайипбергенов Нукус шаҳридаги 13-сонли мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюриб, болаларни ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклаб, байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда уларга эсдалик совғаларини топширди.


Эътиборли жиҳати шундаки, тадбир доирасида партия раиси томонидан мактабгача таълим муассасаси номидан қорақалпоғистонлик болаларнинг севимли ва тарбиявий аҳамиятга эга бўлган «Жеткиншек» газетасига обуна ҳам ташкил этилди. Бундай ташаббуслар болаларнинг маънавий ва ахлоқий жиҳатдан ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиб, уларнинг китобга ва билимга бўлган қизиқишини шакллантиради.
Албатта, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун барқарор ва соғлом муҳитни яратиш, маънавий камолотини таъминлаш партиянинг ҳам асосий вазифасидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги