Ҳам ўқитилади, ҳам бизнесини бошлашга ёрдам берилади

251

Айни пайтда Бўзатов, Мўйноқ ва Қонликўл туманларида ўтказилаётган семинарлар юзлаб хотин-қизларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга, бизнес-режа тайёрлаб, тадбиркорлигини бошлашга илҳом бериб, мўйноқлик хотин-қизлар ҳаётига ҳам янги ўзгариш олиб келмоқда.

«Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – 2-фаза» лойиҳаси доирасида 1500 аёл-қиз 5 модуль асосида таълим олмоқда. Ушбу ўқишда мутахассислар томонидан айтилган сўзлар, ўтказилган тақдимотлар, амалий сабоқлар уларга куч бериб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга мотивация бермоқда.

Ўқишларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш лойиҳалари бўйича ҳам маълумотлар берилмоқда. Таъкидланганидек, энг яхши грант лойиҳалари 5000 – 15000 АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилади. Чиндан ҳам бу катта маблағ. Бу – аёлларга бўлган ишонч, уларнинг орзу-интилишларига очилган келажак эшиги.

Семинарда Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков иштирок этиб, у барча иштирокчиларга омад ва муваффақиятлар тилади.

Қайд этилганидек, мўйноқлик хотин-қизлар ҳам грант асосида ўз бизнесини бошламоқда. Бугун Мўйноқ тумани нафақат илҳом ва ишонч маскани, балки имкониятлар марказига, кучли, эркин ва фаол аёллар юртига айланмоқда.





Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, «CEED» (Болгария), «Annexure» халқаро бизнесни қўллаб-қувватловчи ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган бундай тадбирлар жойларда давом этмоқда.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги