Сенатор Екатеринбург шаҳрида III Халқаро хотин-қизлар форумида иштирок этди

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Г. Маруфова “Ҳамжиҳатлик. Бирлик. Тараққиёт” шиори остида Екатеринбург шаҳрида (Россия Федерациясида) бўлиб ўтган III Халқаро хотин-қизлар форумида иштирок этди.
Мазкур нуфузли халқаро тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатдан 5 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашди.
Форумнинг ялпи мажлисида сенатор ўз чиқишида мамлакатимизда ҳар йили раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётган аёллар сони ортиб бораётгани алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганини ҳамда гендер тенгликни таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида ёндашув ҳақида фикр юритди.
Шунингдек, Халқаро хотин-қизлар форуми доирасида сенатор Свердловск областининг депутатлари, ҳукумат вакиллари ҳамда тадбиркор аёллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Уларда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, хизматлар соҳасида экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, шунингдек, қўшма тадбирлар ўтказиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.