Сув хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш учун музликларни асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этади
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, музларнинг эриши глобал иқлимни нормадагидан яна 0,43°C даражага иситиб юборади.
Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган музликларни сақлаш бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, А.Абдуҳакимов Марказий Осиёда сув хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш учун музликларни асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Иштирокчиларни мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, жумладан, “Яшил макон” ташаббуси, Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш, яшил технологиялар ва сувни тежаш тизимларини жорий этиш лойиҳалари билан таништирди.
Вазирлар мулоқоти доирасида иқлим барқарорлиги, музликларни сақлаш ва сув соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон экологик сиёсатга комплекс ёндашувни тақдим этди: «яшил» иқтисодиёт стратегияси, Миллий мослашиш режаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқлим кенгаши ва Миллий иқлим марказини ташкил этиш. RESILAND лойиҳаси, «Kopernik» дастури доирасида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ва муз кўлларини мониторинг қилиш бўйича ЮНEСКО лойиҳаларида иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқлимшуносликка бағишланган сессияда минтақа давлатлари иқлим бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш зарурлигини муҳокама қилди. Ўзбекистон Марказий Осиёни “яшил” ривожлантириш концепциясини якунлаш ва 2026 йилга мўлжалланган “йўл харитаси”ни тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди.
Шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг («Green University») экология, сувни тежаш ва қайта тикланадиган энергия соҳаларида кадрлар тайёрлаш бўйича илмий платформа сифатидаги роли ҳам тасдиқланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА