Хитой билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда

178

1-2 июн кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Хитой ҳудудлараро форуми доирасида «Таълим, фан ва технология соҳасида инновацион ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форум ташкил этилди.

Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, илм-фан ва технологик тараққиёт борасида янги ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ўтказилмоқда.

Форумда Ўзбекистон ва Хитойнинг турли илмий ва таълим ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этмоқда.

Улар орасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик Ахмед Реймов ҳам иштирок этиб, форум доирасида муҳим ҳужжатлардан бири – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан Хитойнинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Циан чет тиллари университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Ушбу меморандум томонлар ўртасида таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш, қўшма илмий конференциялар ва семинарлар ташкил этишни назарда тутади.

Ўтказилган халқаро форум Ўзбекистон ва Хитой ўртасида нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки таълим ва фан соҳасида ҳам барқарор ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилаётганининг яна бир ёрқин далилидир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги