Ҳуқуқий асослар, асосий жараёнлар тушинтирилди

Ҳозирги даврда коррупция кўплаб давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсата олди. Унга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди.
Айни шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан «Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ бўлувчи иллат» мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси вакиллари иштирок этиб, коррупциянинг келиб чиқиши, унинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий зарарлари, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, асосий тамойиллари ҳақида маълумотлар берди.
Таъкидланганидек, 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Мазкур қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, унда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига оид тушунчаларга таъриф берилган, яъни коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат даражасидан шахсий манфаатларини ёхуд бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиш, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.
Ушбу Қонун, ўз навбатида, фуқароларга коррупция ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг нима эканлиги ва уларнинг салбий иллатлари ҳақида маълумот беради.

Тадбирда 2024 йил 5 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунининг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди. Қонунда давлат органларининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлим, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, тадбир давомида қонунчилик таҳлили коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кўпроқ Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида ўз аксини топганлиги ҳақида ҳам фикрлар баён этилди.
Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги