Оржапли болалар энди янги боғчада тарбияланади

«1 июнь – халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» байрами арафасида Чимбой тумани Оржап маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 150 ўринга мўлжалланган 17-сонли мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу янги объект Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида берилган топшириғи асосида 6,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан, қўли гул қурувчилар томонидан қуриб берилди.
Янги боғчанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, туман ҳокими А.Тажетдинов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўсиб келаётган ёш авлодга ғамхўрлик кўрсатиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, мактабгача таълим учун бундай замонавий шароитларни яратиш ҳудудни барқарор ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

– Ҳудудимизда аҳоли сонининг ўсиши билан болалар боғчасига бўлган талаб кучли эди, – дейди ҳудуд фуқароси Давлатбой Жўрабеков. Бунинг учун Президентимизга, республика ва туман раҳбарларига ҳудуд аҳолиси номидан катта раҳмат айтамиз.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари болалар боғчасида тарбияланувчилар ва педагог-ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишиб, уларга ўзларининг ижобий фикрларини билдирди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси