Италия Бош вазирининг мамлакатимизга ташрифи “NOVA news” нигоҳида

211

Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Самарқандга ташрифи тафсилоти ушбу давлатнинг “NOVA news” ахборот агентлиги томонидан батафсил ёритилди.

Нашр олий мартабали меҳмоннинг бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида томонлар энергетика, тоғ-кон саноати, маданият, қишлоқ хўжалиги сингари ўнга яқин устувор соҳаларда шартномалар имзоланганига эътибор қаратган.

– Алоқаларимиз қадимийлигини ифодаловчи, Европа ва Осиё ўртасидаги муносабатлар чорраҳаси бўлган Самарқандга ташриф буюриш имкони аҳамиятини сўз билан ифодалашим қийин, – дейди Мелони юртбошимиз билан икки томонлама учрашувда. – Биз имзолаган қўшма декларация стратегик шериклик, ташқи ишлар вазирлари ва Қўшма иқтисодий комиссия мулоқоти жадаллашишини англатади.

Италия ҳукумати раҳбари Самарқандга кеча етиб келган. Кўҳна диёр Мелонининг Марказий Осиёга сафарида илк бекат, кейинги манзил –  Остона шаҳри.

Қозоғистон пойтахтида Италия ва минтақанинг беш давлати раҳбарлари биринчи, тарихий саммитда иштирок этади.

Дарвоқе, 2024 йил Ўзбекистон ва Италия ўртасида товар айирбошлаш қиймати 455 миллион долларни ташкил этди. Римлик экспертлар фикрича, иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун кенг имконият мавжуд. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, металлга ишлов бериш, энергетика, тоғ-кон саноати, инфратузилма ва транспорт, ипак ишлаб чиқариш ҳамда туризм ушбу мамлакат сармоядорлари учун энг истиқболли тармоқлар саналади.

Бугун Мелони Қозоғистонга жўнаб кетади. Эртага 2019, 2021 ва 2024 йилларда ўтказилган форматда навбатдаги уч вазирлар учрашувида, сўнгра биринчи Италия –Марказий Осиё саммитида қатнашади.

Мусулмон Зиё, ЎзА