Мелони: Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаймиз

219

“Ansa” ахборот агентлиги Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг “Ўзбекистон – стратегик шерик, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаймиз” сарлавҳали баёнотини эълон қилди.

– Муносабатларимиз мустаҳкам, анча вақтдан бери аъло даражада, – деди Мелони Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув доирасидаги матбуот анжуманида. – 2023 йилдан бошлаб стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилдик. Энди алоқаларни янада мустаҳкамлаймиз. Ҳамкорликни кучайтириш зарур бўлган кўплаб йўналишлар бор. Шу боис бугундан бошлаб ҳар икки томондан барча устувор соҳалар бўйича аниқ иш олиб бориш истаги намоён бўлганидан хурсандман. Ўзбекистонга, Марказий Осиё минтақасига илк ташрифимдан жуда мамнунман. Менга ва Италия делегациясига кўрсатилган ўзига хос қабул учун миннатдорлик билдирмоқчиман: чинакам дўстлик намунаси кўрсатилди. Алоқаларимиз муҳим аҳамиятга эга. Европа ва Осиё чорраҳасидаги Самарқандга ташриф мен учун беқиёс имкониятдир.

Мақолада, шунингдек, икки томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани, 2023 йил июнь ойида Рим шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилган.

– Компанияларимиз бундан кейин ҳам Ўзбекистонга сармоя киритишга тайёр, – деди Италия ҳукумати раҳбари. – Ўзаро инвестиция жабҳасидаги келишув миграция ва кадрлар тайёрлаш, маданият масалаларига тегишли бўлиб, Турин политехника, Пиза ва бошқа университетлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда қишлоқ хўжалиги, энергетика, муҳим хом ашё субъектлари бўйича 360 даража миқёсга эга ҳамкорлик ривожланади. Ўзбекистон жуда муҳим ҳамкоримиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА