Авиақатновларнинг кўплиги, чипталарнинг арзонлиги мақсадга мувофиқ

«Uzbekistan Airways» АЖ томонидан ҳозирги вақтда ҳудудларда учрашувлар ташкил этилиб, йўловчиларнинг муаммоларига ечим топиш, хизматлар сифатини яхшилаш бўйича ишларини такомиллаштириш юзасидан аҳоли фикр-таклифларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Uzbekistan Airways» АЖ раҳбарияти томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда Вазирлар Кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Туризм бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, жисмоний ва юридик шахслар, авиабилет сотувчи агентликлар, сайёҳлик компаниялари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Авиаташувлар бўйича агентликлар ва сайёҳлик ташкилотлари вакиллари жаҳон тажрибасига асосланиб такомиллашиб боришни талаб этадиган масалалар бўйича ўз нуқтаи назарлари билан ўртоқлашди. Йўловчи ва юк ташиш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Йўловчиларни ташвишга солаётган масалаларнинг аксарияти ўз жойида ечимини топди. Қўшимча ўрганилиши керак бўлган мурожаатлар авиакомпаниянинг тегишли ташкилий бўлимларига ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари «Uzbekistan Airways» АЖ гуруҳига кирувчи «Silk Avia» авиакомпанияси негизида авиаташувчилар ички бозорининг ривожланиши ҳақида ҳам батафсил маълумот олди. Ўзбекистон Республикаси ичидаги авиақатновларни кўпайтириш ва фуқароларимизнинг ҳаво транспортида ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратиш авиакомпания олдига қўйилган муҳим вазифалардан биридир.
Учрашувда иштирокчилар «Nukus-Оқтов,» «Nukus-Istanbul,» «Тошкент-Тўрткўл-Нукус» ва бошқа йўналишлар бўйича авиақатновларни йўлга қўйиш, онлайн чипта сотиб олишдаги муаммолар, компанияга ишга кириш ва бошқа масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.



А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги