Қорақалпоқ шоирларининг китоби турк тилида нашр этилди

265

Яқинда Туркиянинг Анталия шаҳрида «Бейгендж» нашриётидан машҳур қорақалпоқ шоирлари Узақбай Пиржанов ва унинг умр йўлдоши Ширин Халмуратова шеъриятидан намуналар жамланган «Кўкда юлдузларнинг ҳаваси келсин» номли тўплам турк тилида нашр этилди.

Икки таниқли шоир шеърларини ўқиганингизда кўз олдингизга бепоён пойтахт юртимиз ҳудуди келади. Албатта, бу ҳудудда қанча-қанча қийинчиликлар, қувонч ва шодликлар юз берган. Шоирларнинг асосий вазифаларидан бири ҳам ана шу қувонч ва изтиробларни шеър тили билан, ижодкорга хос ҳассослик билан оммага етказишдир.

Масалан Узақбай Пиржановнинг «Мен туғилган ерда» шеърида:

Қалдирғочлар учар, учар чарчамас,

Полапонларига ризқ излаб.

Булбуллар боғида сайраб чарчамас,…

-деган сатрлари билан соғинчни ва Ватанининг гўзалликларини акс эттирган. Албатта, тематика фақат бундан иборат эмас. Амударёдаги саёҳати ҳақида ҳам ёзади. Хаёлидаги дунёни шеър сатрларига олиб ўтади.

Айниқса, ҳеч тортинмасдан ўз миллати бўлган қорақалпоқ халқи ҳақида ҳам сўз юритган ва ўзлигини ҳимоя қилган. Сабаби, шоир шу ерда туғилиб, шу халқнинг урф-одатлари, Ватанининг одамлари ҳақида айтган ва муаммоларини шеърларида тилга олган.

Шоира Ширин Холмуратова ўз замонасининг энг кўзга кўринган аёл шоираларидан бири.

Тўлган ой сузар осмонда,

Чигирткалар чирилламоқда.

Ҳукм сурар атрофда жимжитлик,

Илҳом тўла шунча ёруғлик.-деган сатрлари бу сўзимизни тасдиқлаб беради. Шоирнинг қишлоқ турмушини, чўпонлар ҳаётини англаш қобилияти бор. Табиатни ва инсон муҳаббатини биринчи ўринга қўйган.

Биласанми, мен ўзимни кўк денгизнинг,

Яшил ёқасида кўрсам дейман…-деган сатрлари бунинг яққол далили.

Ҳақиқат, муҳаббат, инсон, табиат, мавсумий характерлар шоирнинг шеърларида учрайдиган мавзунинг бир қисми холос. Шоир – бир денгиз, дарё, тугамас, жўшқин тўлқинлари-сўзлари билан ўқувчини гоҳ жўштиради, гоҳ дардга солади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги